Интернетда Россиядаги махфий ядро иншоотларига оид йирик маълумотлар сизиб чиқди. 2 миллиондан ортиқ ҳужжат, жумладан, Ясний шаҳридаги Стратегик ракета кучлари базасининг тўлиқ схемалари очиқ тармоқда пайдо бўлган. Бу ҳақда Даниянинг “Danwatch” ва Германиянинг “Der Spiegel” нашрлари хабар берди.
“Danwatch”нинг маълумотига кўра, ушбу ҳужжатлар орқали Россиянинг энг қаттиқ қўриқланадиган ядро объектларида амалга оширилаётган модернизация кўламини баҳолаш мумкин. Собиқ иншоотлар оммавий тарзда бузилиб, юзлаб янги казармалар, қўриқлаш миноралари, бошқарув марказлари, омборлар ва километрлаб узунликдаги ерости туннель тармоқлари барпо этилган.
Америка Фанлар федерацияси қошидаги “Ядро маълумотлари” лойиҳаси раҳбари Ҳанс Кристенсен бу ҳужжатларни “мутлақо ақл бовар қилмас” деб атаган ва уларнинг очиқ шаклда бўлиши илгари кузатилмаганини таъкидлаган.
Тадқиқотчилар Ясний шаҳри яқинидаги базани батафсил ўрганиб чиққан. Кремль баёнотига кўра, у ерда 2019 йилдан бошлаб “Авангард” гипертовушли ядровий ракетаси жойлаштирилган. Энди эса бу база ҳақида ҳожатхонадан тортиб овқатланиш хонасигача, ерости туннель йўллари, қурол хоналари, ахборот технологиялари, кузатув тизимлари, камералар, ҳарбий сигнализациялар, ҳимояланган дераза ва эшиклар, коммунал тармоқлар, ҳаттоки деворлардаги плакатлар мазмунигача бўлган тафсилотлар очилган.
“Тўхта! Орқага қайт! Тақиқланган ҳудуд!”, “Ҳарбий қасамёд”, “Пойабзалга ғамхўрлик қилиш қоидалари” каби ёзувлар бор иншоот деворларида.
Шунингдек, ҳарбийлар фойдаланадиган спорт анжомлари, бўш вақтларда шахмат ва шашка ўйнашлари ҳақида маълумотлар ҳам ошкор бўлган. Буюк Британия ҳарбий разведкаси собиқ полковниги Филипп Инграм бундай ҳужжатлар “юқори даражадаги разведка”га тенг бўлиши мумкинлигини, ҳатто заиф жойларни аниқлаш ва ҳужум режаларини тузиш имконини беришини айтган.
Норвегия ҳарбий академияси қошидаги штаб коллежи катта ўқитувчиси Том Рёсет Россиянинг ядро салоҳияти Ғарб разведка хизматлари томонидан диққат билан кузатилаётганини маълум қилган.
“Россия ядро қуролларига тобора кўпроқ таяна бошлади ва уларни Ғарбга қарши асосий тийиб турувчи омил сифатида кўраяпти”, дея баёнот берган Дания ҳарбий разведкаси.
Қайд этилишича, 2020 йил декабрида Россия Давлат думаси ҳарбий соҳадаги давлат харидларини соддалаштириш ўрнига ёпиқ тизимга ўтказган. Мудофаа вазирлиги фақат ишончли компаниялар учун мўлжалланган махфий электрон базани яратган. Бироқ бу ахборот сизишининг олдини ола олмаган – компаниялар йиллар давомида махфий ҳужжатларни очиқ эълон қилган.
“Danwatch” ва “Der Spiegel” 2024 йил ёзида эълон қилинган бир қанча тендер ҳужжатларига илова қилинган стратегик базаларнинг махфий чизмаларини аниқлаган.
“Россиянинг стратегик ракета кучлари – бу ҳарбий захиранинг “охирги чораси” бўлиб, фақат барча умидлар йўқолганда ишга туширилади. Яснийдаги икки база ҳозирда юқори жанговар ҳолатда, аммо хавфсизликнинг бу даражадаги бузилиши туфайли Россия бу иншоотларни қайта қуриши зарур бўлиши мумкин. Бундай қайта қурилишлар эса ниҳоятда катта харажатларга тушади”, дейди Том Рёсет.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳали бу борада изоҳ бермаган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда газ соҳасидаги монополистнинг 188 млрд. сўмлик ноқонуний ҳаракатлари аниқланди
Чекишни ташлашга ёрдам берадиган маҳсулотлар номи айтилди
Бухорода 16 ёшли қиз ўзини еттинчи қаватдан ташлашга уринди
Келгуси йилда битирувчилар, кириш имтиҳонларисиз, ОТМларга қабул қилинади
Brabus дунёдаги энг тезюрар кроссоверни тақдим этди