Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида хавфсиз ва сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ушбу муҳим ҳужжат Тошкентда илк бор ташкил этилган Ўзбекистон–АҚШ соғлиқни сақлаш форумида маъқулланган.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Девид Ҳоффман имзо чеккан ҳужжат Ўзбекистонда сил ва бошқа касалликларга қарши дори воситаларидан хавфсиз ва сифатли фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, фармацевтика тармоғи равнақини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
«Меморандум икки ҳукуматнинг барча учун саломатликни яхшилаш бўйича умумий мақсадларга эришишда ҳамфикр эканини яна бир карра тасдиқлайди», – дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.
USAID Ўзбекистондаги миллий манфаатдор томонлар ва ҳамкорлар билан дори воситалари сифатини таъминлаш тизимини барқарор мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг сифати кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилади. Бу борада АҚШ фармакопеяси томонидан амалга оширилаётган «Сифатли дори воситаларини тарғиб қилиш+» дастури асосий ўрин тутади.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ва АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник имзолаган келишувга кўра эса, Ўзбекистон АҚШ Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастурининг 50 та ҳамкор мамлакатидан бирига айланади.
Аввал хабар берганимиздек, USAID Ўзбекистонда сил касаллигини камайтириш учун мақсадли инвестицияларни таъминлашга қаратилган беш йиллик дастурни ишга туширган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли юртимизда силга қарши курашда ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, сил касаллигидан ўлим ҳолати 5 баробарга, силга чалиниш ҳоллари эса 2 баробарга камайди. 2019-2025 йиллар ичида эса сил билан касалланиш ҳолатини 20 фоизга камайтириш кўзда тутилган.
COVID-19 пандемияси даврида ҳам АҚШ коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистонга молиявий кўмак ва кўп миллионли вакцина ажратган.
Тасодифий хабарлар
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари элчи бўлиши кутилмоқда
Тошкентда бир қизнинг кўча ўртасидан судраб олиб чиқилиши ҳолатига ИИББ изоҳ берди
Наманганда аёл нақ 18 нафар фуқарони чув туширди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмита раиси, Отабек Умаров эса унинг 1-ўринбосари бўлди
Ўзбекистон Туркманистон ва Эрон билан янги лойиҳага қўл урмоқчи