Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Россия хавфсизлигига таҳдид – Путин

Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Россия хавфсизлигига таҳдид – Путин

Украинанинг Шимолий Атлантика иттифоқи (НАТО)га аъзо бўлиши Россия хавфсизлигига таҳдид туғдиради, “махсус ҳарбий операция” бошланишининг сабабларидан бири Украинанинг НАТОга кириши таҳдидидир. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Россия-24” телеканалида айтиб ўтди. 

“Украинанинг НАТОга аъзолигига келсак, биз бу Россия хавфсизлигига таҳдид солаётганини бир неча бор айтганмиз, шубҳасиз. Ва, аслида, “махсус ҳарбий операция”нинг сабабларидан бири Украинанинг НАТОга қўшилиш таҳдидидир”, дейди Путин. 

Путинга кўра, НАТОга аъзолик Украина учун хавфсизлик кафолати эмас, аксинча, дунёни янада заифроқ қилади ва халқаро майдонда қўшимча кескинликка олиб келади.

Давлат раҳбари Киевга қурол етказиб бериш ҳақида гапирар экан, Россия узоқ масофали ракеталар етказиб беришга қанчалар умид боғланганини кўриб турганини айтди. 

“Ҳа, улар (берилган ракеталар – таҳр.) зарар етказади, аммо бу ракеталардан фойдаланиш билан жанговар зонада ҳеч қандай муҳим нарса содир бўлмайди”, дейди у. 

Россия раҳбарининг қайд этишича, 4 июндан бери рус ҳарбийлари Украина Қуролли кучларининг 311 та танкини йўқ қилди ва бу ҳарбий техниканинг камида учдан бир қисми Ғарбда ишлаб чиқарилган. 

“Фақат 4 июндан кечаги оқшомгача 311 та танк йўқ қилинди, уларнинг салмоқли қисми, менимча, камида учдан бир қисми Ғарбда ишлаб чиқарилган [ускуналар], жумладан, Leopard ҳамдир”, дейди давлат раҳбари.

Маълумот учун, 11 июль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг блок мамлакатлари Украинанинг аъзо бўлиш бўйича ҳаракат режасини бекор қилишга қарор қилганини эълон қилган ва барча шартлар бажарилганда Киевни иттифоққа таклиф қилишга ваъда берган. Унга кўра, Украинанинг кириши шартларини альянсга аъзо давлатлар баҳолайди. Шартлар ҳақида гапирар экан, Столтенберг Украина мудофаа ва хавфсизлик институтларини модернизация ва ислоҳ қилиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у НАТО мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиш жараёнида ҳеч қачон муддат белгиламаслигини айтган. 

Бундан ташқари, Столенберг альянс Украинада уруш давом этар экан, унинг иттифоққа қўшилиши мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.


×