Германия собиқ канцлери Путин билан дўстлиги сабаб жазоланадиган бўлди

Германия собиқ канцлери Путин билан дўстлиги сабаб жазоланадиган бўлди

Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдер президент Владимир Путин билан дўстона муносабатлар ҳамда Россия ширкатларидаги мўмай даромадли лавозимдан воз кечмаётгани сабабли имтиёзлардан маҳрум этилади. Мамлакат парламенти бу борада якдил келишувга эришди.

Бундестагда собиқ канцлернинг офиси ҳамда ёрдамчилари фаолият юритиб келган. «Путиннинг Германиядаги энг яқин дўсти» жазо тариқасида бюро ҳамда офисдан маҳрум этилмоқда. Унинг пенсияси ҳамда қўриқчилари сақлаб қолинган.

Социал-демократлар партияси вакили бўлган Г.Шрёдер 1998-2005 йилларда канцлер вазифасида фаолият юритган. Ҳукумат бошлиғи курсисидан кетганидан буён Россиянинг йирик энергетика ширкати ؘ– «Роснефть» директорлар кенгаши раҳбари лавозимида фаолият юритиб келади. Украинага босқин ортидан Шрёдернинг Кремль манфаатларига қаратилган фаолиятига нисбатан норозилик кучайган.

Олмон матбуоти Шрёдерни кремлпарастлиги билан амалдаги ҳукуматни ўнғайсиз ҳолатга солаётгани, фақат шахсий манфаатларини кўзлаётганини танқид қилмоқда. Иқтидордаги социал-демократлар партияси эса Шрёдерни Россия ширкатидаги лавозимдан воз кечишга ундамоқда. Аммо собиқ ҳукумат раҳбари бунга кўнмаётир. Боз устига, у Украинага босқиндан кейин ҳам Россияни иҳоталаш тўғри эмаслиги, Германия саноати учун рус хомашёси зарурлиги ҳақида баёнот берган. Айни чоқда Шрёдерни бир пайтлар ўзи раислик қилган социал-демократлар партияси аъзолигидан чиқариш ташаббуси илгари сурилган.

Олмон жамоатчилиги ҳам собиқ ҳукумат раҳбарининг Украинани хонавайрон қилаётган сиёсатчи билан дўстлигидан хурсанд эмас. Ҳатто Германиядаги айрим қаҳвахоналар Шрёдер ва рафиқасининг киришини тақиқлади.

2014 йилда Шрёдер Санкт-Петербургда 70 йиллик юбилейини нишонлаган ва тантанада шахсан Путин қатнашган эди. Россия–Украина зиддияти авжига чиққан кунлар собиқ канцлернинг Ғарб рақиб ўлароқ кўрадиган давлатда байрам қилиши Германия жамоатчилигининг кескин эътирозига сабаб бўлган эди.

2018 йили В.Путиннинг навбатдаги инаугурация лавозимида Шрёдер иштирок этган ва Россия президентининг хос аъёнлари қаторида – патриарх Кирилл ва Дмитрий Медведев билан ёнма-ён турган эди. Ўшанда ҳам олмон матбуот ўзини хорижий давлат раҳбарининг мулозими каби тутаётган собиқ канцлерни кескин танқид қилганди.

×