17 ёшли қиз янги туғилган чақалоғини қурилиши тугалланмаган бино орқасига ташлаб кетди

17 ёшли қиз янги туғилган чақалоғини қурилиши тугалланмаган бино орқасига ташлаб кетди

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 17 ёшли қиз ўлик ҳолда дунёга келтирган чақалоғи жасадини уйи яқинидаги бинонинг орқа томонига ташлаб кетгани аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Андижон вилоят прокуратураси ахборот хизматининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 21 январь куни соат 09:30 ларда тумандаги «Жанубий Оламушук» шаҳарчаси, «Иттифоқ» маҳалласидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудуддан қиз жинсли янги туғилган чақалоқнинг жасади ташқи тан жароҳатларсиз топилган.

Мазкур ҳолат бўйича воқеа жойи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, вилоят суд тиббий экспертиза мутахассислари ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида ҳодиса жойи ва чақалоқ жасади кўздан кечирилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув давомида чақалоқни шаҳарчанинг «Навоий» маҳалласида яшовчи вояга етмаган М.Ш. (2004 йилда туғилган) яшаш уйининг ёнидаги қурилиши тугалланмаган бино ичида 20 январь куни соат 23:00 ларда ўлик ҳолатда туғиб, унинг жасадини ушбу бинонинг орқа томонига ташлаб кетгани аниқланган.

Суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Андижон филиалининг дастлабки маълумотномасида туғилган чақалоқ ўлик ҳомила экани аниқланган. Чақалоқнинг ўлим сабабларини ҳамда баданларида тан жароҳатлари ёки уларнинг излари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, ижро этишлик учун вилоят суд-тиббий экспертиза бюросига юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

×