Ўзбек-хитой вакцинаси қандай ишлаб чиқарилади?

Ўзбек-хитой вакцинаси қандай ишлаб чиқарилади?

Инновацион ривожланиш вазирлиги ўзбек-хитой вакцинасининг ишлаб чиқариш жараёни юзасидан батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, вакцина Хитой Фанлар академияси микробиология институти ҳамда Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда яратилган. Вакцина сут эмизувчилар ҳужайрасидан олинган С оқсили бўлиб, оқсил эмланган киши иммун тизимида вирусни зарарсизлантирадиган антитаналарни ишлаб чиқаради. Рекомбинант оқсил суббирликларига асосланган вакцина биохавфсизлиги кафолатланган.

Қайд этилишича, вакцинани ишлаб чиқариш жараёни бир нечта босқичдан иборат. Вакцина ҳужайралар банки минус 80 даража ҳароратда сақланади. Аввал банкдан маълум миқдорда ҳужайралар олиниб, 125 литрлик сунъий муҳитда кўпайтирилади. Сўнгра 1000 литрлик реакторларга ўтказилиб, у ерда озиқлантириш, кислород билан тўйинтириш орқали ҳужайраларнинг кўпайишига эришилади. Шундай қилиб, вакциналар синтези рўй берадиган ҳужайралар биомассаси етиштирилади.

Таъкидланишича, синтезланган вакцина миқдори етарли бўлгач, тозалаш жараёнига ўтилади. Бу жараён ўта муҳим бўлиб, якуний маҳсулот бирор бир аралашмаларсиз, соф ҳолатда бўлиши зарур. Тозаланган оқсилли вакцинага адювант бўлиб хизмат қиладиган алюминий гидрооксиди қўшилади ва қуйиш линиясига жўнатилади.

Шундан сўнг вакцина бир доза вакцинани ўз ичига оладиган 0,5 миллиграммлик флаконларга қуйилади, усти ёпилади ва қадоқланади. Ўзбек-хитой вакцинасининг 3 фазали клиник синовлари натижаларига кўра, 3 дозадан сўнг вакцина самарадорлиги барча штамлар учун 81,76 фоиз, британча штамга қарши эса 92,93 фоизни ташкил этади.

Аввалроқ ўзбек-хитой вакцинаси Ўзбекистонда қачондан ишлаб чиқарилиши ва вакцина яратилишида пахта ғўзасини ўрганган ўзбек олимлари қатнашгани маълум қилинган.

×