ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилган блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилди

ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилган блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилди

ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилгани билан танилган блогер Миразиз Бозоровни 28 март, якшанба куни соат тахминан 22:45 Миробод тумани Афросиёб кўчаси 21-уй олдида уч нафар номаълум шахс уриб, тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Миразиз Бозоров олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, Бозоровда бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Тошкент шаҳар ИИББдан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда Миразиз Бозоровга нисбатан тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш мақсадида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Тошкент шаҳар ИИББ ахборотида.

Маълумот учун, блогер Миразиз Бозоров 11 март куни TikTok’даги саҳифасида ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни ҳар жума куни Тошкентдаги Хаст Имом майдонида йиғилишга чорлаган эди. «Ҳамма — ЛГБТ сафида бўлганлар келмасин, у ерда сизни уришлари, ўлдириб қўйишлари мумкин — ЛГБТнинг базавий ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи ҳамма эртага ва ҳар жума Хастимомга келишлари керак», — деганди Миразиз Бозоров. Унинг бу чорловидан сўнг Хастимомда ЛГБТ ҳуқуқлари фаолларининг бирор учрашуви ё йиғилиши ўтказилганми ёки йўқ — номаълум.

Эслатиб ўтамиз, 28 март, якшанба куни соат 15:00—15:15 оралиғида Тошкентдаги Амир Темур хиёбони олдида Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар норозилик билдириб йиғилгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, йиғилганлар орасида бошқа икки кишини ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни урмоқчи бўлган шахслар ҳам бўлган. Уларга яна 20—25 киши қўшилиб, «безорилик ҳаракатлари»ни содир этган. Охир-оқибат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 12 киши ушланган, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (безорилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

×