Хотинига ахлат едирган эркакка суд ҳукми ўқилди (Видео)

Хотинига ахлат едирган эркакка суд ҳукми ўқилди (Видео)

Аввалроқ, пойтахт Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани, “Оққўрғон” маҳалласида эр хотинини масхара қилиб, унга тан жароҳати етказган ва фарзандининг ахлатини ейишга мажбурлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Бугун, 14 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида унга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд зўравон эрни 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Маълум қилинишича, Рустам Омадилович Исматуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 110-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу моддага асосан 3  йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо муддати жорий йилнинг 9 октябридан бошлаб ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сонли қарорининг 8-бандида “ожиз аҳвол деб жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан  ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолати тушунилиши керак. Бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканини англаган бўлиши шарт”, дея раҳбарий тушунтириш берилган.

Суд судланувчи Рустам Исматуллаевга жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ва унинг қилмишида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб баҳолаб, жиноятнинг хусусияти ва унга нисбатан қўлланиладиган жазо чораси айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклигини инобатга олиб, модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим деб ҳисоблаган.

×