Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Uzbekistan GTL” томонидан амалга оширилаётган Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси Бангладешдан ишчилар олиб келинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бангладешдан 900 кишининг олиб келиниши “Ўзимизда қанча ишсизлар бор, нега улар ишга қабул қилинмаяпти?” қабилидаги ҳақли эътирозларни келтириб чиқарди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бунга муносабат билдирди. Аниқланишича, Бангладешдан ишчилар мавжуд тартиб асосида олиб келинмаган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 октябрдаги “Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1206-сон қарорининг 18-бандида “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Uzbekistan GTL” масъулияти чекланган жамияти буюртмалари асосида хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда жалб қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 244-сонли “Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ хорижий фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун тасдиқномалар олиши белгиланган.
“Ушбу қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, иш берувчи чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграция агентлигига мурожаат қилиш лозим.
Лекин шу кунгача “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” ёки лойиҳа бош пудратчиси, “ENTER Engineering Pte. Ltd.” компанияси мазкур тасдиқномани олиш учун мурожаат қилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “ENTER Engineering Pte. Ltd.” компанияси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигидан Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси учун жалб қилинаётган хорижий иш кучи тўғрисида тегишли маълумотлар сўралган ва ўрганилмоқда.
Шу билан бирга, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида талаб қилинадиган бўш иш ўринларига маҳаллий ишсиз аҳолини жалб этиш, уларнинг малака даражаси етарли бўлмаганда бепул касбий ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдиради”, дейилади хабарда.
Мазкур масалани ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.
Тасодифий хабарлар
Мактабларда 4-чорак қачондан бошланиши маълум бўлди
«Uzbekistan Airways» 4 август куни Истанбулга навбатдаги парвозни амалга оширмоқда
Монополия йўқ бўлади
Наманганда ОИТСга чалинганини била туриб, эркаклар билан ишқий муносабатда бўлган аёлга жиноий иш қўзғатилмади
Сирдарёда ўз болаларини дарёга ташламоқчи бўлган аёл воқеасига изоҳ берилди