Жээнбеков истеъфога чиқса, Президент ваколатлари кимга ўтади?

Жээнбеков истеъфога чиқса, Президент ваколатлари кимга ўтади?

Қирғизистондаги сиёсий инқироз ва беқарор вазият ҳали тин олгани йўқ. Айни вақтда ушбу ҳолат Президент курсисини ҳам тебратмоқда. Кузатувчиларда эса бир савол туғилмоқда: агар амалдаги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков ўз лавозимидан истеъфо берса, давлатни ким бошқаради, унинг ваколатлари кимга ўтади? 

Қирғизистон парламенти вице-спикери Мирлан Бакировнинг таъкидлашича, агар давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқса, Қирғизистоннинг янги бош вазири Садир Жапаров президент вазифасини бажаради

"Президент истеъфога чиқарилган тақдирда, Конституцияга мувофиқ, унинг вазифаларини парламент спикери бажариши керак эди, аммо у ҳам истеъфога чиққани сабабли ваколатлар Бош вазирга ўтади", дейди у. 

Кеча, 10 октябрь куни Қирғизистон парламенти депутатлари Садир Жапаровни мамлакатнинг янги Бош вазири этиб тасдиқлашди. У Президент Жээнбеков билан суҳбатда бўлганига ишонтирди. Унинг сўзларига кўра, Жээнбеков Жапаров Бош вазир лавозимига тасдиқлангач, лавозимини тарк этишга ваъда берган. 

Парламент кеча ўтган сессиясида 6 октябрь куни "Бир бўл" (Бирлик) партиясидан спикерликка сайланган Миктибек Абдилдаев истеъфога чиқди ва Бакиров раисликни бошлади. 

Жапаров номзоди республикада 5 октябрдан бери давом этаётган тартибсизликлар ва норозиликлар фонида илгари сурилган.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. 

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

×