Эри мажбурлаб памперс едирган аёлга уй бериладиган бўлди

Бу ҳақда Самарқанд вилояти матбуот уйида таҳдид ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилиш, тазйиққа дуч келган аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган брифингда Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сайёра Жумаева маълум қилди.

– Самарқанд шаҳрида яшовчи бу қизимиз ва унинг фарзандлари вилоят ҳокимлиги ва бошқармамиз ҳимоясига олиниб, унга зарур тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда, – дейди С.Жумаева. – Оиладаги вазиятни ўргандик, Мустаҳкам фикрларини эшитдик, у билан деярли ҳар куни суҳбатлашяпмиз. Ҳозирда бу оилани сақлаб қолиш ёки уларни яраштириш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Чунки, мавжуд вазият бунга имкон бермайди. 
Аксинча, вилоят ҳокимлиги унга икки хонали уй ажратмоқчи. Саломатлиги яхшиланганидан кейин Мустаҳкамни иш билан таъминлаш чорасини кўрамиз. Умуман, бу қизимизни энди ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз. Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маъруфова ҳам унинг ҳолидан хабар олиб, суҳбатлашди. Мустаҳкам ҳимояга олиниб, унга қандай ёрам зарур бўлса, кўрсатилиши маълум қилинди. 
Мазкур ҳолат биз учун катта сабоқ бўлди. Чунки, Мустаҳкам яшаётган оила маҳалладаги тинч оилалардан бири деб қаралган, нотинч оилалар рўйхатига киритилмаган. Ваҳоланки, бу оила ичида бўлаётган гап-сўзлар, эр-хотиннинг узоқ давом этиб келаётган келишмовчилиги ва аёлга нисбатан зўравонликка маҳалла ўз вақтида муносабат билдириши керак эди. Маҳалла фақат нотинч оилалар билан эмас, тинч деб қаралган, аслида муаммолар ичида қолган оилалар билан ҳам ишлаши кераклигини англадик.

photo_2020-09-10_19-09-57.jpg
photo_2020-09-10_19-10-01.jpg

Брифингда Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Дамир Султонов ҳам мазкур ҳолат юзасидан маълумот бериб, хотинига нисбатан зўравонлик қилган Ш.Каримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.

– 22 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу ҳолатдан бугун кўпчилик яхши хабардор. Хотинига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган Ш.Каримов 24 август куни ушланиб, суд қарори билан тегишли тартибда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, – деди Д.Султонов. – Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бу шахс қамоқдан қўйиб юборилибди, эр-хотинни яраштириш чораси кўриляпти экан, деган гап сўзлар тарқалмоқда. Аммо бу гаплар асоссиз. Ш.Каримовга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган. Жиноят-процесуал кодекси талабларига кўра, ушбу жиноят ишини яраштириш билан тугатиш имконсиз. 
Бундан ташқари, жиноят иши қўзғатишга асос бўлган Жиноят кодекси моддалари бўйича ҳам турли фикрлар билдирилмоқда. Бу фикрларга жавобан шуни айтмоқчиманки, биз жиноят ишини дастлабки тўпланган терговолди ҳужжатларига асосан 105-модда билан қўзғатганмиз. Ҳозирда жабрланувчи ва гумон қилинувчини, гувоҳларни сўроқ қиляпмиз. 
Экспертиза хулосалари олинган. Барча кўрсатма ва важлар текширилмоқда. Иш бўйича аниқланган ҳолатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди ва бу жиноят ишига қўшиб борилади. Айни пайтда иш тергов жараёнида бўлгани, тергов сири деган тушунчалар борлиги сабабли барча ҳолатларни ошкор эта олмаймиз.

×