«Ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта тест олинса яхши бўлар эди» — Самарқандлик шифокорлар ўз соғлигидан хавотирда

«Ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта тест олинса яхши бўлар эди» — Самарқандлик шифокорлар ўз соғлигидан хавотирда

Коронавирус тарқалиши авж олгани сари нафақат беморлар, балки шифокорларнинг ҳам ўз соғлиғидан хавотири ортяпти. Бу ҳолат айниқса, COVID-19 га чалинган беморлар билан ишлайдиган тиббиёт ходимларида кўп кузатила бошлади.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 4-поликлиника ходимлари (исмлари сир тутилади) таҳририят бош офисига боғланиб, жараён ҳақида сўзлаб берди:

— Бундан бир неча кун олдин бизнинг бўлимдаги айрим шифокорларда коронавирус аниқланди. Улар орасида бўлим бошлиқлари ҳам, ҳамширалар ҳам бор эди. Ҳозир улар ишга чиқишмаяпти. Мени хавотирлантираётгани — ўша пайтда биз ҳам улар билан мулоқотда бўлгандик. Ишга борганмиз, кўришганмиз, битта хонада ўтирганмиз. Аммо биздан тест олинмади. Хоналар дезинфекция қилингани ҳам йўқ. Қайтага фуқаролар ичига боряпмиз, яқинда ташкил қилинган мобил гуруҳлар билан ишлаяпмиз. Агар ўзимизда касаллик бўлса, аҳолига ҳам юқтиришимиз мумкин албатта.

Бизнинг бўлим ходимларидан Covid-19 касалига чалинганлар уйда даволанишмоқда. Айтишларича, 3-4 кундан бери уларда нафас қисиши, таъм сезмаслиги аломатлари бор. Аянчлиси, улар аҳволи оғирлашиб, ётиб қолмагунча ишлашган.

Ахир, биз ҳам одаммиз-ку?! Биз ҳам касал бўлишимиз мумкин. Тўғри, максимал даражада эҳтиёт чораларини кўряпмиз. Аммо барибир хавотир бор. Биздан ҳам ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта тест олинса яхши бўларди. Беморлар билан мулоқот қилганимиздан кейин вирус тарқалиш хавфи ортади. Бу ҳаммамиз учун муҳим деб ўйлайман. Ўша касалланган ҳамкасбларим ҳам саломатликларига мунтазам эътибор берилмагани учун шу ҳолга тушдилар. Шифокор касал бўлса, бошқалар қандай соғ қолади?!

Бизнинг мобил гуруҳга аҳоли тез тиббий ёрдам хизматига ёки поликлиникага телефон қилиш орқали рўйхатга ёзилади. Кейин биз фуқаронинг уйига бориб унинг соғлигини текширамиз. Агар коронавирус аниқланса, бемор тиббий назоратга олинади.

Ниқоблар ҳам, ҳимоя кийимимиз ҳам бор. Аммо коронавирус юқтирган бир беморни текшириб, кейингилари (соғломлари)нинг уйига борганда, уларга вирус юқиш эҳтимоли юқори. Шу боис аввало, шифокорлар мунтазам тиббий текширувдан ўтказилиши керак. Ўзимиз аҳоли ўртасида вирус ташувчи бўлиб қолмайлик, – дейилади шифокорлар мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 2 июлдаги ҳуқуқий ҳужжати асосида 5 июлдан эътиборан, COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган беморлар туман ва шаҳарларда ташкил этилган «мобил гуруҳ» томонидан сараланади. Уйда даволаниш учун етарли шароити бор фуқаролар 10 кун давомида тиббий-санитария муассасалари назоратида даволанади. Агар яшаш шароити санитария-эпидемиологик талабларга жавоб бермаса, бемор мазкур инфекцияни даволашга ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилади.

×