Эртадан Ўзбекистонда оммавий тадбирларда чекловлар кучга киради

Эртадан Ўзбекистонда оммавий тадбирларда чекловлар кучга киради

17 апрель куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган йиғилишда эълон қилинган янги чеклов чораларининг бир қисми 1 майдан кучга киради. Унга кўра, эртадан концерт-томошаларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланади.

Театрлар, кинотеатрлар ва концерт залларидаги ўринларниг ярми бўш қолдирилади. Барча томошабинлар ниқобда бўлиши ва ижтимоий масофага риоя қилиши, биноларга киришда уларнинг ҳарорати текширилиши керак бўлади.

Бош вазир ўшанда апрель ойидаги концерт дастурлари учун чипталар сотиб бўлингани туфайли бу чекловлар 1 майдан кучга киришини қўшимча қилганди.

Ўша кунги йиғилишда 18 апрелдан амал қиладиган чеклов чоралари ҳақида маълум қилинганди. Хусусан, боғчалар, мактаблар, коллежлар, лицейлар ва олий таълим муассасаларида коронавирус аниқланганида икки ҳафталик карантин жорий этилиши, ташкилотлар биноларига киришда назорат кучайтирилиши, жамоат транспортида ўриндиқларнинг 50 фоизи бўш қолдирилиши, умумий овқатланиш шохобчалари сиғимининг 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолатда фаолият юритиши лозимлиги белгиланганди.

Сўнгги ҳафталарда энг кўп касалланиш ҳолатлари аниқлаанётган Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Самарқанд шаҳрида юзлаб боғчалар ва мактаблар фаолияти тўхтатилди. Шунингдек, бутун республика бўйлаб кўплаб олий таълим муассасалари ёпилган.

Шу билан бирга, махсус комиссия томонидан эълон қилинган чеклов чораларининг барчасига ҳам қатъий амал қилинмаяпти, тегишли органлар томонидан ҳам етарлича назорат бўлмаяпти. Хусусан, кўчаларда тиббий ниқоб тақиш режимига риоя этилмаяпти, жамоат транспорти одамлар билан тўла ҳаракатланишда давом этмоқда, кафелар ва ресторанлар ҳам аввалгидек гавжум, уларнинг фаолиятида ҳам деярли ўзгаришлар йўқ.

Лекин мамлакатда эпидемиологик вазият кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Ўзбекистонда ўтган йил август ойидан бери илк марта кунлик касалланиш кўрсаткичи 400дан ошди. Айни пайтда шифохоналарда даволанаётганлар сони 3100га яқин, Ўзбекистонда актив кейслар сони ўтган йил сентябридан буён бу қадар кўп бўлмаганди.

Бу вақтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистон дуч келган вазият ҳар қандай давлатда кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. У ерда кунига юз минглаб одамда вирус аниқланмоқда ва кунига минглаб одамлар шу вирусдан вафот этмоқда. Шифохоналарда ва жонлантириш бўлимларида бўш жой қолмаган. Крематорийларда ҳам жой йўқлигидан жасадларни шоша-пиша кўчаларда ёқишга мажбур бўлишмоқда.

Ўзбекистонда ҳам карантин чораларига амал қилинмаса, яна ўтган йил ёзидаги ҳолат такрорланиши мумкин. Шундай экан, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиш талаб этилади.

×