Намангандаги ЙТҲда ўлган она-бола вазир ўринбосарининг оила аъзолари бўлган

Намангандаги ЙТҲда ўлган она-бола вазир ўринбосарининг оила аъзолари бўлган

31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси Қамчиқ довонида сув хўжалиги вазири ўринбосарининг оила аъзолари бўлган автомобиль ҳалокатга учради.

Kun.uz манбаси маълумотига кўра, ЙТҲ оқибатида Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Воҳид Аҳмаджоновнинг рафиқаси ва 3 ёшли қизи ҳалок бўлган, амалдорнинг ўзи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

ЙТҲнинг бевосита гувоҳлари таҳририятга йўллаган суратларда “Chevrolet Gentra” русумли автомобиль чуқурликка қулагани акс этган. 2 январь куни Тошкент шаҳрида дафн маросими ўтказилган. Наманган вилоят ИИБ ахборот хизмати ЙТҲ тафсилотлари бўйича ахборот берган.

“2020 йил 31 декабрь куни соат 23:00 ларда, А-373 Тошкент – Ўш йўлининг Поп тумани «Қўшминор» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 258-километрида Тошкент – Қўқон йўналиши бўйича “Chevrolet Gentra” русумли автомашинасини бошқариб келаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Chevrolet Gentra” автомашинасининг орқа чап томон қисмига урилиб кетган.

Натижада, олдиндаги “Chevrolet Gentra” русумли автомашинаси йўл четига чиқиб кетиб, қияликка ағдарилиб кетган. Ҳайдовчининг автомашина салонида бўлган 1986 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2017 йилда туғилган қизи олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича Поп туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 1 январь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади хабарда.

×