Namanganliklar.Uz Рамазон ҳайити билан барчани муборакбод этади!

Namanganliklar.Uz жамоаси жумла мўмин-мусулмонларни улуғ айём – Рамазон ҳайити билан қутлайди.

Моҳи шариф – ойларнинг султони Рамазонда 30 кун мобайнида рўза тутилди, имкон қадар тоат-ибодатда бўлинди, таровиҳ намозлари масжидларда жамоат билан адо этилди.

Ватанимиз мусулмонлари учун таровиҳ намозлари ўзгача шукуҳ билан файзли ўтди. Хатмоналар сўнгида хайрли дуолар қилинди.

Бугун Рамазонда қилинган хайрли ишларга улкан ажр-у савоблар бериладиган, ибодатлар қабул бўладиган ва гуноҳлар афв этиладиган кундир. Бу кунда қилинган хайрли дуолар мустажоб бўлишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраб қоламиз.

Қалбларимиздаги иймон янада зиёда бўлсин, хонадонларимиздан қут-барака аримасин, ватанимиз янада обод, халқимизнинг турмуши янада фаровон бўлсин!

Дунёнинг қатор минтақаларидаги нотинчликлар барҳам топсин! Бутун ер юзидаги мўмин-мусулмонларни Аллоҳнинг Ўзи қўлласин, мушкулларини осон қилсин!

Ширин калом улашиш, меҳр кўрсатиш, ота-оналаримиз дуосини олиш, табассум билан муомалада бўлиш каби юксак ахлоқ намуналари мўмин-мусулмоннинг нафақат улуғ айём кунларидаги, балки кундалик ҳаётидаги ажралмас одобидир.

Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилган ибодатларимиз ва тавбаларимизни қабул қилсин. Ҳақ йўлдан адаштирмасин. Хайрли амалларимиз йил бўйи бардавом бўлишини насиб этсин, бу ишларга Ўзи муваффақ айласин. Билиб-билмай қилган катта-ю кичик гуноҳларимизни кечирсин!

Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

149 Ko'rishlar