“Mening fikrim” порталига “тонировка” масаласида мурожаат йўлланди

“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига транспорт воситалари ойналарини қорайтириш учун белгиланган тўловни камайтиришни сўраб, мурожаат йўлланди. Мурожаат овозга қўйилиши учун модераторлар тасдиғидан ўтиши лозим.

Мурожаат муаллифи Ўзбекистонда иссиқ мавсум йилда 7 ой давом этиши, айниқса ёзда ҳарорат юқори бўлишини қайд этган.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобил ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:

  • орқа ён ойналар – йилига 4,5 БҲМ (1 млн 215 минг сўм);
  • барча ён ойналар – йилига 45 БҲМ (12 млн 150 минг сўм).

Мурожаат муаллифи тўловлар миқдорини қуйидагича белгилашни таклиф этган:

  • орқа ён ойналар – 0,5 БҲМ (145 минг сўм);
  • барча ён ойналар – 2 БҲМ (540 минг сўм).

Муаллиф, шунингдек, рухсатномани 3, 6, 9 ва 12 ойга олиш имконияти яратилишини ҳам сўраган. Унинг ҳисоблашича, тўловни рухсатноманинг амал қилиш муддати давомида тўлаш мумкин бўлиши керак.

Амалдаги қоидаларга кўра, мурожаат матни юборилгач, портал модератори (Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти) мурожаатни камида 5 нафар шахс қўллаб-қувватлаши учун мурожаат ташаббускорига махсус ҳаволани жўнатади. Юқоридаги ҳолатда ташаббускор зарур 5та овозни 3 май куни тўплаган. Эндиликда мурожаат 15 кун ичида модератор томонидан экспертизадан ўтказилиши лозим.

Ишчи комиссия модераторнинг экспертизасидан кейин мурожаатни Mening fikrim веб-порталига жойлаштириш тўғрисида ёки жойлаштиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Модераторнинг ижобий хулосаси олинмагунга қадар мурожаатга овоз бериб бўлмайди.

Овозга қўйилган мурожаатлар 10 мингтадан ортиқ овоз тўплаган тақдирда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Ўтган ойда ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров Kun.uz саволига жавобан “тонировка” масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.

2 506 Ko'rishlar