Қўқондаги мактабда рўзадор ўқувчилар иссиқда югуртирилгани тасдиқланди

foto kun uz

6 май куни Қўқондаги 8-мактабнинг рўзадор ўқувчилари дарсдан кейин мактаб директори томонидан офтобда югуртирилган. Бу ҳақдаги маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Kun.uz`га тасдиқлади.

Маълум қилинишича, рамазоннинг илк кунида рўй берган ҳолат ўз тасдиғини топгач, мактаб директори Феруза Жаббарова жаримага тортилган.

Жаббарова терговга қадар текшириш давомида бошланғич синф ўқувчиларини спорт майдончасида югуртирганини тан олмаган, аммо ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари берган кўрсатмалар бунинг аксини тасдиқлаган.

«Ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасдан, қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйганлиги учун мактаб директори Ф.Жаббаровага нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг 22.05.2019 йилдаги 21ж-сонли буйруғи билан ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида “Жарима” интизомий жазо чораси қўлланилган», – дейилади расмий билдиришда.

Қўшимча қилинишича, ушбу ҳолатда директорнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, 21.05.2019 йилда Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Таъкидлаш жоиз, Фарғона вилояти прокуратураси ва Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими 8 май куни ўз суриштирувлари натижасини Kun.uz`га маълум қилган, ўрганишлар натижасида рўзадор ўқувчиларнинг югуртирилгани ҳақидаги маълумот асоссиз деб топилганини билдирган эди.

Хусусан, мактаб директори Феруза Жаббарова ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар нотўғрилигини иддао қилган ва гўёки «тушлик вақтида дарслари тугаб уйга қайтаётган бошланғич синф ўқувчиларига ўзларини эҳтиёт қилиб юришлари ва витаминларга бой овқатларни истеъмол қилишлари кераклигини айтгани, бироқ уларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмагани»ни айтган эди.

«Мактаб ўқитувчилари ҳам ўз тушунтиришларида мактаб ҳудудида бундай салбий ҳолат умуман бўлмаганини баён қилишган. 

Шунингдек, ҳолат юзасидан бошланғич синф ўқувчилари билан педагог-психологлар иштирокида суҳбатлашилганда, рўза тутган болаларни ҳеч ким мактаб ҳовлисида югуртирмаганини билдиришган», – дейилган эди вилоят прокуратураси хабарида.

Ўз навбатида, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими ҳам: «Хизмат суриштируви давомида шулар маълум бўлдики, мазкур мактабда ўқувчилар рўза тутишлари учун ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган», – деб раддия берганди.

«Ўқитувчилар томонидан аввало ўқувчилар билим эгаллаши муҳимлиги, фанларни ўзлаштириш учун соғлом бўлишлари шартлиги, шунинг учун ҳам вақтида овқатланишга эътибор қаратилиши хусусида тушунтиришлар берилгани аниқланди», – дейилганди шаҳар халқ таълими бўлими ахборотида.

Қўқон шаҳар ХТБ баёнотида, шунингдек, ҳеч қачон ўз футбол майдони бўлмаган 8-мактабда майдон яқинда мактаб раҳбарияти томонидан барпо этилгани ҳам таъкидланган эди. Боз устига, ХТБ мактабда «ўқувчилар учун бепул фитобар ташкил этилгани», «таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилаётгани», «маънавий-маърифий ишлар ҳам намунали ташкил этилгани», «мамлакатимизда виждон ва эътиқод эркинлиги инсон ҳуқуқи сифатида белгилангани» кабиларга алоҳида тўхталиб ўтган эди.

«Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни беришда холисликка эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир», дейилган эди Қўқон шаҳар халқ таълими бўлим мудири И.М.Расулов томонидан имзоланган раддияда.

Фарғона вилояти прокуратурасига кўра, 1928 йилда қурилган 8-мактаб 608 нафар ўқувчига мўлжалланган, унда сўнгги ўқув йилида 912 нафар ўқувчи таҳсил олган.

729 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling