Одил Aҳмедов янги жамоада тўп суради

Одил Aҳмедов ўзининг жамоасини ўзгартирди. Бу ҳақда Goal.com нашрида футболчининг жамоасига оид маълумотларда маълум бўлган.

Қай этилишича, Одил Aҳмедов «Шанхай СИПГ»дан «Тянсзин Теда» клубига ўтган. Эндиликда унга “Реал”нинг собиқ футболчиси мураббийлик қилади. 

Одил Аҳмедов «Шанхай СИПГ»да 2017 йилдан буён ўйнаётган эди. Ўзбекистонлик ўйинчи жорий мавсум Хитой Суперлигаси доирасидаги 8та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол ва 1та ассист қайд этган.

Одил Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 августдаги фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида, Одил Аҳмедов 1987 йилнинг 25 ноябрь куни Наманган вилоятида таваллуд топган. 2000 йилнинг бошида  “Навбаҳор” ва Тошкентнинг “Локомотив” футбол клублари академиясида таҳсил олган.  Кейинроқ Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ўринбосарлар таркибида ўйнашни бошлаган.

2006 йилда россиялик таниқли футбол мутахассиси — Валерий Кузьмич Непомняший “Пахтакор” бош мураббийи этиб тайинланади. Айнан Валерий Непомняший Одил Аҳмедовнинг ўринбосарлар жамоасидаги ўйинини кузатиб, уни “Пахтакор” бош жамоасига жалб қилади ва шу билан Аҳмедовнинг “Пахтакор”даги фаолияти бошланади. Унинг “Пахтакор” сафидаги илк дебют ўйини ўша йилнинг 16 май куни Аҳмедов 18 ёшдалигида, сафарда зарафшоннинг “Қизилқум” жамоасига қарши чемпионат ўйини бўлди. “Пахтакор” сафидаги илк мавсумидаёқ У Ўзбекистон чемпионлигини ва Ўзбекистон Кубогини қўлга киритади. 

2007 йилги мавсумда Аҳмедов “Пахтакор” билан яна Ўзбекистон чемпионлигини, Ўзбекистон Кубогини ва собиқ СССР таркибига кирган давлатлар, ҳозир эса МДҲга аъзо давлатлар иштирок этадиган Ҳамдўстлик Чемпионлари Кубогини қўлга киритади. Ўша мавсумда, “Пахтакор” Ҳамдўстлик Чемпионлари Кубоги финалида Латвиянинг “Вентспилс” клубини пеналтилар сериясида 9:8 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кубокга эга чиққан эди. 

2008 йилги мавсумда Одил Аҳмедов “Пахтакор” билан Олий Лигада иккинчи, Ўзбекистон Кубоги ва Ҳамдўстлик Чемпионлари Кубоги финалигача етиб келади ва ҳар икки финалда имкониятни бой бериб, кумуш медалларни қўлга киритади. Ўшанда “Пахтакор” Ўзбекистон Кубогида “Бунёдкор”га, Ҳамдўстлик Чемпионлари Кубоги финалида эса Озарбайжоннинг “Ҳазар-Ленкоран” клубига 4:3 ҳисобида ютқазган эди.

У 2009, 2011, 2014 йилларда Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси, 2011 йилда “Анжи” футбол клубида йилнинг энг яхши футболчиси, 2014/2015 йилда “Красннодар” футбол клубида мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлган.

4 049 Ko'rishlar