9 ой ичида 78 млрд сўмлик табиий газ ўғирланган

Энергетика вазирлиги 2021 йил 20-24 сентябр кунлари ўтказган махсус рейд давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланилаётган 67 та ҳолатни аниқлади. Ушбу ҳолатларда салкам 1 млн 400 минг куб метр табиий газ ноқонуний истеъмол қилинган.

Қайд этилишича, 20-24 сентябр кунлари ўтказилган махсус рейд чоғида жами 1 миллон 379 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Таққослаш учун, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 130 минг хонадоннинг 1 кунлик газ истеъмолини ташкил қилади. Ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Шу ўринда жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича жами 2 минг 535 та табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида 86 миллион 923 минг куб метр ёки 77 миллиард 877 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Бу рақамлар қиёсланадиган бўлса, ушбу миқдордаги ҳажм ҳозирги кунда 40 минг хонадоннинг қарийиб 1 йиллик истеъмолини ташкил этади.

3 882 Ko'rishlar