Расман! Туркманистонда ҳам коронавирус аниқланди


Туркманистон пойтахти Ашхободда 6 кишида коронавирус аниқланди, улардан 3 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда. Бу ҳақда “Хроники Туркменистана” нашри хабар берди

Ваҳоланки, Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги ташкиллаштирадиган брифинг ва семинарларда мамлакатда коронавирус йўқлиги маълум қилиниб келинмоқда. 

Таъкидланишича, касалланганларнинг барчаси тиббий ходимлар бўлиб, улар С.А.Ниёзов номидаги даволаш-маслаҳат марказида ишлашади. 

“Марказда юқумли касалликлар бўлими йўқ, шу сабабли беморларнинг бир қисми Чўнаглидаги юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган, қолган қисми Ахал вилоятида олдиндан тайёрлаб қўйилган изоляторлардан бирида сақланмоқда”, деб маълум қилган нашр.  

Марказ Туркманистондаги энг йирик тиббий муассасалардан бири ҳисобланиб, унда йил давомида ўн минглаб одамлар ташхислаш ва даволанишдан ўтади.

23 июнда АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси сайтида америкалик фуқаролар учун огоҳлантириш пайдо бўлган. “Туркманистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича расмий хабарлар йўқ бўлса-да, АҚШ элчихонаси коронавирус аломатларига эга маҳаллий фуқаролар коронавирусга тестлашдан ўтказилаётгани ва юқумли касалликлар шифохоналарида 14 кунга карантинга жойланаётгани ҳақида хабарлар олган”, дейилган огоҳлантиришда. 

Таъкидланишича, АҚШ элчихонаси ўз ходимларининг вирусга чалинмаслиги учун ижтимоий масофалашув чораларини қатъийлаштирган ва элчихонада ниқоблар тақишни мажбурий қилган ҳамда ишни имкони борича масофавий режимга ўтказган.

Бунга жавобан Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчихонасининг ҳаракатларидан норозилик билдирган.     

“Туркманистон ички ишлар вазирлиги бу турдаги ёлғон маълумотларнинг хато ва нохолис эканини таъкидлаб ўтади. Шу муносабат билан вазирликнинг расмий вакиллари АҚШ элчихонасини далиллар билан тасдиқланмаган маълумотни тарқатишга йўл қўйиб бўлмаслигидан бир неча марта огоҳлантирган”, дейилган вазирлик хабарида.   

Бу орада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мутахассислари коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун Туркманистонга 2 ойдан бери киришга уринишмоқда. 

374 Ko'rishlar