Қўпол муомалада бўлманг: Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари огоҳлантирилди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари қонун ва хизмат интизоми бузилиши, шунингдек, фуқаролар билан қўпол муомалада бўлганлик учун жавобгарлик кўзда тутилгани ҳақида огоҳлантирилди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, Сергели ва Олмазор туманлари Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаларида Ўзбекистон ИИВнинг ишчи гуруҳи ва шахсий таркиб учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир давомида ички ишлар органлари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокам қилинди.

Учрашувда ИИВнинг Кадрлар бош бошқармаси, Жиноят қидирув бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Фахрийлар кенгаши раиси – Бош бошқарма бошлиғининг маслаҳатчиси истеъфодаги полковник Муроджон Каримов ва ёш ходимларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Йиғилишда 5 ой давомидаги хизмат ҳисоботи ўқиб эшиттирилди. Хизмат интизоми бузилиши сабаблари муҳокама қилинди. Савол-жавоблар орқали шахсий таркибнинг республика ва пойтахтдаги ҳодисалар ҳақида хабардорлиги текширилди. Шахсий таркиб билан хизмат интизомини бузган ходимларнинг ҳатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

“Тадбир якунида иштирокчиларни қонун ва интизом бузилиши, фуқаролар билан қўпол муомала учун жавобгарлик ҳақида огоҳонлантирилдилар”, — дейилган хабарда.

1 696 Ko'rishlar