Алишер Усмонов Британиянинг 10 нафар энг бой одами рўйхатидан жой олди

Россиялик тадбиркорлар Алишер Усмонов, Михаил Фридман ва Роман Абрамович Sunday Times британ нашри рейтингига кўра, навбатдаги маротаба Британиянинг энг бой одамлари қаторидан жой олди.

Жумладан, Алишер Усмонов жорий рейтингда ўз позициясини бир поғонага яхшилаб, 2019 йилдаги 8-ўриндан 7-ўринга кўтарилган. Унинг бойлиги 11,68 млрд фунт стерлингга баҳоланган. Бизнесменнинг ўтган йилда бойлиги 11,399 млрд фунт стерлингга баҳоланганди. Нашрда таъкидланишича, Усмонов жорий йилда Россияга коронавирусга қарши кураш учун 118 млн фунт стерлинг берган. 

Шунингдек, яна бир россиялик тадбиркор, “Альфа-групп” асосчиси Михаил Фридман рейтингнинг 11-ўрнидан жой олган. Унинг бойлиги 10,23 млрд фунт стерлингга баҳоланган. Millhouse инвестиция компаниясининг асосий эгаси Роман Абрамович жорий рейтингда ўтган йилдаги 9-ўриндан 12-ўринга тушиб кетган. Нашрнинг баҳолашича, унинг бойлиги 10,16 млрд фунт стерлингга тенг.   

Жорий рейтинг етакчилари британиялик тадбиркор, ихтирочи, Dyson компанияси асосчиси Жеймс Дайсон ва унинг оиласи бўлган. Бизнесменнинг бойлиги 16,2 млрд фунт стерлингга баҳоланган. 

2-ўринни Hinduja Group компанияси эгалари ака-ука Шри ва Гопи Ҳиндуя ва Trans World Group компанияси асосчилари ака-ука Дэвид ва Саймон Рубен эгаллаган. Иккала ака-укаларнинг бойлиги 16 млрд фунт стерлингга баҳоланган. 

Шунингдек, рейтингнинг юқори ўнталигидан бизнесмен Леонард Блаватник, INEOS кимё концерни эгаси Жим Рэтклифф, , Вестминстер герцоги Хью Гровенор ҳам жой олган.

Нашр экспертлари коронавирус пандемиясининг энг бой британияликларга таъсирини ҳам ўрганиб чиқишган. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Британиянинг энг бой одамлари пандемия сабабли 2 ой ичида 54 млрд фунт стерлинг йўқотган. Баъзи тадбиркорлар, жумладан 20 миллиардер, пандемия сабабли ўз ходимларини ҳақ тўланмайдиган таътилга жўнатган. Бироқ нашрнинг ёзишича, пандемиянинг салбий оқибатлари молиявий соҳада энди бошланмоқда.

Таъкидланишича, Британиянинг энг бой минг кишисининг умумий бойлиги 743 млрд фунт стерлингни ташкил қилмоқда. Бу эса 2019 йилга нисбатан 29 млрд фунт стерлинг камроқ. 

2 002 Ko'rishlar