Велосипедда сайр қилиш учун баҳона топилади: бизни алдамоқчи бўлиб, ўзингизни алдамоқдасиз

Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан жорий қилинган автотранспорт воситалари ҳаракати чеклови, пойтахт аҳолиси учун ўзини яккалаш талаби мажбурий қилиниши оқибатида… фуқаролар мантиқсиз тарзда велосипедлар харид қилишни бошлашди. Бутун дунё пандемия хавфи остида бўлган, ҳукуматимиз томонидан инфекциянинг тарқалишини тўхтатиш бўйича чоралар қўлланилаётган бир даврда шаҳримизда жамиятимизга душманлик қилаётганлар: одатий ҳаёт тарзларини давом эттираётганлар топилмоқда.

Бугунги кундан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Миллий гвардия хизматчилари билан ҳамкорликда мажбурий ўзини яккалаш талабига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича жиддий ишларни амалга оширишмоқдалар. Бунга жавобан эса шаҳар аҳолиси ижтимоий тармоқлардаги постлар, шарҳлар ва шахсий хабарлар орқали давлат идоралари саҳифаларига норозилик билан мурожаат қилмоқдалар. Кимдир ходим билан келишмовчилик чиқариб, у томонидан қўлланилган чоралардан норози, бошқа биров велосипеди жарима майдончасига жойлаштирилганидан норози. Кўпинча бу каби ҳолатга тўхтатилган фуқаронинг ўзини тутиши, қаерга йўлланаётганлиги ҳақидаги саволларга хотиржамлик билан жавоб бермаслиги сабаб бўлади.  

Қариндошингиз ёрдамга муҳтожми? Бу ҳақда 1197 рақами орқали хабар беринг, кўнгиллилар барча эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда хабар олишади. Лекин саволларга жаҳл билан жавоб беришнинг кераги йўқ. Бизга ҳам осон эмас, аммо биз инсонлар ҳаётини асраш учун ўз хизматимиздамиз. Афсуски, жамият манфаати учун баъзида жамиятнинг ўзи билан курашишга тўғри келади. Сабаблар – тушунмовчилик, дунё муаммосига ёш болаларча муносабатда бўлиш, мулоҳаза қилиб уйда қолишга тайёр эмасликдадир.

Тавсияларни менсимаган шаҳар аҳолиси мажбурий талаблар чиқарилишига ўзлари сабабчи бўлишди. Барчага эслатиб ўтмоқчимизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194 ва 194-1 моддаларига мувофиқ, ички ишлар органлари ходимининг ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик –  базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Велосипедда ҳаракатланувчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузишлари учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилгани ҳақида унутмасликлари зарур.

Ҳурматли дўстлар! Сиз хоҳлаган нарсангизга – юз бераётган ҳолат ёлғонлигига, сиз соғ-саломат эканлигингизга ва сизга ҳеч нарса таҳдид солмаслигига ишонишингиз мумкин. Аммо, одатий ҳаёт тарзингизни давом эттирмоқчи бўлиб, дори ёки озиқ-овқат баҳонаси билан велосипедда сайр қилиб сиз авваламбор ўзингизни алдаган, ўзингизга ва атрофдагиларингизга хоинлик қилган бўласиз.

Карантин охирги касал қайд этилганидан икки ҳафта ўтгач тугайди. Шаҳарда сайр қилган ҳолда сиз ўз ҳаракатларингиз билан карантин тугайдиган кунни узоқлаштирмоқдасиз. Уйда қолинг, юзаки норозилигингизни ва қоидаларга бўлган бачкана эътирозларингизни ҳам уйда қолдиринг. Биз барча кучларни жамлаган ҳолда карантинни тезроқ тугаши учун ҳаракат қилмоқдамиз, бу ишда эса пойтахтда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ақл билан иш тутиши қўл келади. Онгини ишга солишга тайёр бўлмаганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар ишга солинади. 

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

1 481 Ko'rishlar

2
Leave a Reply

avatar
2 Fikrlar
0 Mavzuga javoblar
0 A'zolar
 
Ko'pgina javoblar
Eng yangi sharhlar
2 xabar muallifi
zubayrSss So'nggi sharh mualliflari
  Xabarlarga azo bo'lish  
eng yangi Oldingi eng ko'p ovoz berdi
Xabardor qiling