«Менга таъсир қилмайди, менга тегишли эмас экан, деганлар хато қилади». Президент коронавирусга қарши огоҳликка чақирди

Шавкат Мирзиёев 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуши ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

«Битта нарсани билишларинг керак: менга таъсир қилмайди, менга тегишли эмас экан, деган раҳбар, фуқаро, тадбиркор ва умуман оқсоқолларимиз, ёшларимиз хато қилади. Бу нарса ҳаммамизга боғлиқ. Ҳаммага таъсир қилади.

Агар кимда-ким касаллигини билиб, яшириб, уйда ўтирса, халқимизга хавф-хатар етказадиган омилга айланади. Бу бўйича жиноий жавобгарлик бор.

Энди бу хавф-хатар ташқаридан келиши мумкин эмас – ҳамма ер ёпилди. Фақат ичкаридаги касалланганларни ўз вақтида аниқлаб, профилактика ишларини тўғри йўлга қўйишимиз зарур», – дея давлат раҳбари сўзларини келтирган «Kun.uz»

Президент, шунингдек, ҳокимларни коронавирусга қарши огоҳликка чорлади.

«Ҳар бир ҳоким битта нарсани билиши керак: бу менинг вилоятимга келмади, бизнинг туманимиз тинч, деб бемалол юришларинг – хиёнат. Такрор-такрор айтаман, барча профилактик ишларни, айтилган чора-тадбирларни ҳамма ўз вақтида бажариши керак», – деган у.

Давлат раҳбари ўз хонадонларида изоляцияда бўлиши белгиланган фуқароларнинг тартибни бузиши ҳолатларига ҳам тўхталди.

«Кўчага чиқиши ман этилади. Нега десангиз, у мана шу касалликнинг тарқатувчиси бўлиши мумкин. Ишни марказлашган тарзда ташкил этиш осон, лекин биздаги маълумот бўйича, кўп жойларда марказлашган жойларда ҳам ташқарига чиқаётганлар бор экан. Бу ман этилади.

Жиплашиб, ҳаммамиз бир бўлиб, айтилганларни бажариб, шифокорларнинг тавсияларига риоя қилсак, ҳаммаси жой-жойига тушади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 март, чоршанба куни, бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида коронавирус бўйича халққа мурожаат қилганди. Шунингдек, давлат раҳбари мазкур пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирларини камайтириш мақсадида зарар кўриши мумкин бўлган соҳалардаги компанияларга солиқ таътиллари берилиши режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

1 338 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling