“Кимларнидир медал олгиси келяпти, бу уларга ҳам нохолис ОАВ учун ҳам уят” – депутат “снос” ишларини қоралади

Олий мажлис депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда содир бўлаётган “снос” ишларини қоралаб чиқди.

Расул Кушербаевнинг айтишича, сўнгги кунда олиб борилаётган “снос” ишларини “Ўзбекистон 24” канали нохолисона ёритмоқда ва бу улар учун уят.

Охирги вақтларда бўлаётган ишларни кўриб, одамларни норози қилган “снос” эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланганлигига гувоҳ бўлаяпман. Афсуски бу сафар йиллаб фуқароларнинг пешона тери билан пул топиб, қурган уйларини буздириш “акцияси”да фақат ҳокимлар эмас, улар билан бирга аслида ва идеалда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул ва ваколатли идоралар вакиллари ҳам туриб, фуқароларга қарши зўравонлик олиб бораётгани одамни жуда хафа қилади. Ҳимоя қиладиганларнинг ўзидан ҳимоя керак бўлса, додингни кимга айтасан. Айниқса, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидан келаётган мурожаатлар ўтган йилги ҳунук ва президентни хафа қилган воқеаларнинг қайта бошланишига сабаб бўлади, деган ҳавотир пайдо қилмоқда. Расмий давлат ОАВ, хусусан “Ўзбекистон 24” канали эса масаланинг тубига етмай, вазиятни холис ўрганмай туриб, бир томонлама фуқароларни айбдор қилиб кўрсатмоқда.Гўёки прокуратура ва ҳокимликлар ҳақ-у, фуқаролар ноҳақ дегандай. Умид қиламанки бу буюртма эмас. Тағин ким билади… Аслида бундай уйларнинг қурилишига ўз вақтида масъуллар рухсат бермаса,давлат еридан ўзбошимча уй жойни қуриб олишга кимнинг журъати етади. Бизни фуқаролар қонунлардан қўрқади, давлат билан ўйнашмайди. Кўриниб турганидек, бу яна масъулларнинг навбатдаги“очко”олиш бахси, кимлардир орден ва медал олгиси келгани аниқ. Бу уларга ҳам нохолис ОАВ учун ҳам уят. Айрим зўравон масъулларнинг ўқувсиз, билимсиз ва қонунлардан бехабарлигини инобатга олиб, уларга Олий Мажлис қабул қилган вапрезидент қўл қўйиб амалда бўлган“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни ўқишларини тавсия қилган бўлар эдим. Зора ҳеч бўлмаса шу қонунни ҳурмат қилиб, фуқаролар билан муносабат қилишга ўтилса. Сўнггида зўравон масъулларга одамларни қийнаб медал олгиси келмасдан агар адолатли бўлишса халқ медалдан ҳам  ортиғини бериши, бу олий неъмат ишонч ва ҳурмат эканлигини эслатмоқчиман. Ўйлаб кўринг ваколатли “зўравонлар”! Гап эгасини топади…

Manba: Effect.uz

147 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling