Терговда шахснинг ёлғон гапираётганлигини аниқловчи қурилмалар

Қадим замонлардан бери инсоният, жиноят содир этишда гумон қилинганларнинг гапларидаги ҳақиқатни ёлғондан ажратиш йўлларини излаганлар. Тарихга назар ташласак ушбу усулларнинг турли хил кўринишлари мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг аксарияти шафқатсиз ҳисобланади.

Баъзилари эса инсонларнинг юзида табассум пайдо қилади. Бироқ ота-боболаримизнинг кузатувчанликлари ва зукколикларини инкор этиб бўлмайди. Текширувнинг барча усуллари тергов жараёнида шубҳали шахснинг ташқи кўринишида намоён бўлган физиологик реакцияларига асосланган. Масалан, Африкада гумон қилинувчилар қабила аъзоларининг кўз ўнгида сўроқ қилиниб, қабила бошлиғи ёки сеҳргар сўроқ қилинувчини омма олдида ҳидлаб кўрган ҳолда текширган, агар гумон қилинувчининг танасидан тер ҳиди чиққан бўлса демак у айбдор деб топилган.

Шарқда эса гумон қилинувчини сўроқ қилиш жараёнида ёлғон сўзланган бўлса, уни оғзига гуруч унини солишган. Агар гумон қилинувчининг оғзидаги ун терговдан сўнг қуруқ бўлса, у айбдор деб топилган. Чунки кучли ҳаяжон ва қўрқув пайтида оғиздаги тупик суюқлиги тўхтайди. Таниқли ўрта аср шифокори Авиценна эса терговчилардан ҳақиқатни яширишга уринган жиноятчининг қон томир пулсига катта эътибор қаратган. Бундан ташқари эшак билан инсон психологиясига асосланган яна бир қизиқарли усул: қоронғу хонага думи бўяган ҳайвон қўйилган. Шу хонага киритилган гумон қилинувчи эшакни думидан ушлаши керак бўлган, агар эшак қичқирса, унда одам айбдор ҳисобланган. Кейин шахсни ёруғликка олиб чиқишиб, унинг қўлларига қарашган. Агар қўллар тоза бўлса, одам айбдор деб топилган – чунки у эшакни думидан ушламасдан жиноятни яширишга ҳаракат қилди, – деб ҳисоблашган. Гап шундаки айбсиз одам қўллари бўялишига қарамасдан эшак думини ушлашдан қўрқмайди. Ва бу ўз даврида ҳақиқатдан ҳам ёлғонни аниқлашнинг кичик усулларидан бири бўлган.

Гумон қилинувчининг сўзларидаги ёлғон ёки ҳақиқатни аниқлашда илк бор қўлланилган илмий қурилма бу – гидросигмограф бўлган. Ёлғон гапира бошлаган пайтда юрак уриш тезлиги ва қон босимининг ўзгаришини қайд этувчи ушбу қурилмани ишлатишга қарор қилган биринчи олим, психолог Чезаре Ломброзо эди. Бу воқеа 19-асрнинг охирида бўлган.

1921 йилда полиция офицери, психолог Жон А. Ларсон жиноят ишларини тергов жараёнига гумон қилинувчиларни сўроқ қилишда шахсларнинг қон босими, юрак уриш тезлиги ва нафас олишидаги ўзгаришларни аниқлайдиган ёлғон детекторни қўллашни таклиф қилди. Ларсон ўзининг ёлғонни аниқлайдиган асбобини “полиграф” деб атади. Айтганча, бу атама анча олдин Жон Хокинс (1804) томонидан ўзи ихтиро қилган қўлда ёзилган ёзувлардан нусха кўчириш дастгоҳи номига қўйилган.

Ушбу атама “юнон” тилидан олинган иккита сўздан яъни “кўп” ва “ёзмоқ” деб таржима қилинувчи сўзлардан иборат. 1926 йилда, Ж. Ларсоннинг шогирди ва издоши Леонард Килер, гумондорнинг физиологик параметрларидаги ўзгаришларни қайд қилувчи сиёҳ қалам билан бирга ишловчи полиграфнинг янги, такомиллаштирилган версиясини таклиф қилди. 1938 йилда олимлар томонидан полиграфга терининг ўзгаришини қайд қиладиган яна бир канал қўшилди. Кейинчалик Кеелер мушакларнинг титроқлари каналини тақдим этди. 1939 йилда патент берилган Кеелер канали замонавий полиграфнинг прототипига айланди.

Олимларнинг Кеелер полиграфиясини янада такомиллаштириш бўйича йигирмага яқин физиологик кўрсаткичларни қайд этувчи уринишлари муваффақиятсиз якунланди. Замонавий “ёлғонни аниқловчи” детектор еттита кўрсаткичдаги ўзгаришларни муваффақиятли қайд эта олиш имкониятига эга.

Йигирманчи асрнинг охирида қалам, сиёҳ ёзиш, анъанавий ва рақамли полиграфлар мавжуд эди. 21-асрнинг қурилмаси эса – бу компютер полиграфи бўлиб, у гумон қилинувчига саволлар берилганида унинг танасида бир қатор физиологик параметрларнинг ўзгаришини ўлчайдиган ва ёзиб берадиган махсус мосламалар уланган сенсор билан жиҳозланган эди. Таъкидлаш жоизки, натижаларнинг аниқлиги қайд қилинган кўрсаткичлар сонига боғлиқ. Текширув давомида олинган кўрсаткичлар, нормадан четга чиқиш ва унда ёлғоннинг белгилари бор ёки йўқлиги тўғрисида хулоса берувчи полиграф текширувчиси томонидан белгилаб борилади. Бугунги кунда, юз йил аввалги каби, полиграф – ёлғонни аниқлашнинг энг самарали воситаси бўлиб, ундан жиноятларни фош қилишда самарали фойдаланилмоқда. Полиграф текширув натижалари ёрдамчи усул бўлишига қарамасдан, айрим ривожланган мамлакатларда далил сифатида тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

1 448 Ko'rishlar

1
Leave a Reply

avatar
1 Fikrlar
0 Mavzuga javoblar
0 A'zolar
 
Ko'pgina javoblar
Eng yangi sharhlar
1 xabar muallifi
Сардор So'nggi sharh mualliflari
  Xabarlarga azo bo'lish  
eng yangi Oldingi eng ko'p ovoz berdi
Xabardor qiling
Сардор
Mexmon
Сардор

Мен бу аппаратда узимни синаганман, узим учун биламан йолгонни аниклашига ишонмайман… терговчи куп савол берса полиграф адашади