Тошкентдаги майнавозчилик: куласизми, куясизми?

Эрталаб эзгу ниятлар билан кўчага чиқаркансиз, турфа одамларни учратасиз, йўлларни тўлдириб ўтаётган транспорт воситаларига кўзингиз тушади. Одамларнинг самимий ва хушмуомалалигини кўриб қувонсангиз, айрим ҳайдовчиларнинг автомашиналарига ёпиштириб олган миллий маданиятимизга хос бўлмаган ёзув ва белгиларни кўриб таъбингиз хира тортади. Ҳатто йўл ҳаракати қоидаларининг тегишли бандига биноан, бундай хатти-ҳаракатни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланганига қарамасдан, айрим фуқароларимиз томонидан ҳамон қоидабузарлик содир этилмоқда.

Яқинда ана шундай ҳолатларнинг бир нечтасига гувоҳ бўлиб, қуйида уларнинг тафсилоти билан таништиришни жоиз деб топдик. Зора, бу саъй-ҳаракатларимиз ўзининг ижобий самарасини бериб, бошқа ҳайдовчилар тўғри хулоса чиқарса.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида ҳаракатланиб келаётган «Нексия» русумли автомашинанинг орқа томонидаги «Я хулиган» деган ёзувни кўриб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай қолдик. Чунки бу жумла ўзбекчада «Мен безориман» деган маънони билдиради. Наҳотки, автомашина эгаси ўзининг мана шундай «истеъдод» соҳиби эканлигини барчага намоён этишни хоҳлаётган бўлса… Унинг нима мақсадда бундай қилгани бизга қоронғи. Лекин мазкур жараёнга гувоҳ бўлган ҳар қандай киши ушбу машина эгасининг маънавий қиёфаси қай даражада эканлигини англаб етиши қийин эмас.

Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги марказий кўчаларнинг бирида ҳаракатланаётган «Нексия»нинг орқа томонига битилган «Как хочу, так еду», яъни «Қандай хоҳласам, шундай юраман» деган иддаони кўрган кишининг бир нима дейиши мушкул. Фаҳмимизча, мазкур автомашина эгаси учун ҳайдовчилар амал қилиши керак бўлган йўл қоидаларининг мутлақо аҳамияти бўлмаса керак…

Бундан ҳам ачинарлиси, Сирғали тумани ҳудудидаги катта кўчада ҳаракатланиб кетаётган «Матиз» русумли автоуловни кўриб чуқур ўйга толдик. Сабаби мазкур машинанинг орқа эшиги ёнига наркотик модда ҳисобланган «наша» ўсимлиги япроғининг сурати ёпиштирилган эди. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? Автомобиль эгаси одамларни гиёҳвандликка чорлаяптими? Ёки бошқа мақсади бормикан? Қандай тушунишни ҳам билмайсан, киши… Нима бўлганда ҳам, соғлом фикрли инсон ҳеч қачон бу каби маънавиятимизга мутлақо зид хатти-ҳаракатни содир этишни ўзига эп кўрмайди. Ахир, биз дунё тамаддунининг тамал тошини қўйган буюк аждодларнинг авлодларимиз. Бошқа халқлар ҳавас билан қарайдиган юртнинг фарзандларига бу каби номақбул ишларни қилиш ярашармикан?! Агар ватандошларимиз бундай маданиятсизликка қўл урса, бошқалардан нимани кутиш мумкин. Ундан кўра, ана шу инсонлар ёшларнинг қизиқиши янада ортишига хизмат қиладиган китобларни тарғиб қилиб, уларнинг баркамол авлод бўлиб етишига ўз ҳиссасини қўшгани мақбул эмасми?!

Нафсиламрини айтганда, бизнинг саъй-ҳаракатларимизга қараб, ўз келажагини қураётган ёшларимизга муносиб намуна бўлайлик! Улар биздан-да кучли, билимли, ақлли ва, албатта, бахтли бўлишига хизмат қилайлик.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.

2 114 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling