Блогер Отабек Нуритдинов устидан яна икки киши ариза ёзди. Туҳмат бўйича иккинчи ариза жиноий ишга айланади

Аризаларни Асака туман бозоркоми ва Марҳамат туманидаги мактаб директори ёзган.

Андижонлик блогер Отабек Нуритдиновга нисбатан яна икки ариза бўйича иш очилган. Бу ҳақда “ББС Ўзбек” нашри хабар бермоқда. Таъкидланишича, нашрга ушбу хабарни 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаётган блогернинг яқинлари маълум қилган. Айтилишича, блогер устидан ёзилган икки ариза бўйича суриштирув иши бошланган. Аризаларни Асака туман бозоркоми ва Марҳамат туманидаги мактаб директори ёзган. Маълумки, фуқаро устидан туҳмат бўйича иккинчи ариза тушса, бу жиноий ишга айланади. Нашр блогер иши юзасидан Прокуратурага йўллаган сўровномасига қуйидагича жавоб олган:

“Блогер А.Нуриддиновни ҳатти-ҳаракатлари юзасидан фуқаролардан шикоятлар (А.Нуриддинов туҳматлардан иборат маълумотлар тарқатиш орқали танишларини ишга жойлаштириш, моддий манфаатдор бўлиши каби) келиб тушмоқда. Асака тумани ИИБ томонидан ушбу шикоятларда кўрсатилган важларни ўрганиш юзасидан текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда”

Маълумот учун, Асака туманида бюджет чиқимларини ва Халқ таълими бошқармасидаги шикоятларни суриштираётган блогер асли исми Абдуфатто Нуритдинов 30 декабрь куни ҳибсга олинган эди. Майда безорилик учун Андижон вилоят маъмурий судига олиб борилган блогер ҳакам қаршисидаа ўзига қарши аллақачон тахлаб улгурилган қалингина икки йиғма жилдни кўрган. У майда безорилик учун 15 суткага қамалган, кейинчалик маъмурий ишлар учун судланганлар сақланадиган қамоқхонага ўтказилган. Блогернинг яқинлари Отабек Нуритдиновга қарши иш уюштирилганини таъкидламоқда. Блогерни ҳимоя қилаётган адвокат суд жараёни қонунбузарликлар остида ўтганини даъво қилиб, Олий судга шикоят хати йўллаган.

“Отабек Нуриддиновнинг масъуллар ишини танқид қилгани учун Асакадаги бир гуруҳ мансабдорлар томонидан ўзаро тил бириктириб жазолатгани яна ҳам ойдинлашмоқда”, деб ёзди Олий мажлис депутати Расул Кушербаев.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 7 декабрда Конституция куни муносабати билан қилган чиқишида ушланган шахснинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигига тўхталганди.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахснинг оила аъзолари бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши кераклиги, буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйиш таклиф этилди. Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарурлиги, бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозимлиги қайд этилди”, деб айтган Шавкат Мирзиёев.

manba: effect.uz

1 185 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling