Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий боғидаги қурилиш жараёнлари билан танишди

Биринчи босқичда 9 гектар майдонда океанариум, амфитеатр, кинотеатр, кўнгилочар ўйингоҳ, эртакнамо қаср, мусиқали фаввора, автомобиллар тураргоҳи қурилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда. Бу ерда замонавий маданият ва истироҳат боғи барпо этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарори асосида бунёдкорлик ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда 9 гектар майдонда океанариум, амфитеатр, кинотеатр, кўнгилочар ўйингоҳ, эртакнамо қаср, мусиқали фаввора, автомобиллар тураргоҳи қурилади. Иккинчи босқичда 12 гектар ҳуддудда мавзули парк, болалар учун автодром ва аттракционлар, аквапарк бунёд этилади. Шунингдек, кафе ва ресторанлар, савдо дўконлари ташкил қилинади. Ҳаво мусаффолигини таъминлаш мақсадида каштан, қарағай, япон софораси, магнолия, эман, қайин каби дарахтлар экилади. Истироҳат боғи тўлиқ модернизация қилингач, бир кунда 10 минг кишигача хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бу аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш билан бирга Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини ҳам оширади. Давлат раҳбари истироҳат боғининг йил давомида ишлашини таъминлаш, одамлар оилавий дам олиши учун кенг имконият яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Боғда Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларидаги қадимий обидалар макетини ўрнатиб, ёшлар ва сайёҳларнинг Ўзбекистон тарихига қизиқишини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шу ерда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот бўлди.

429 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling