. Наманганда 26 яшар йигит ҳомиладор келинойисини 15 марта пичоқ уриб ўлдирди. Йигит руҳий хаста деб топилди

Наманган вилоятида 2018 йил кузида 1992 йилда туғилган Неъмат Зарипов акасининг уйига бориб, «онамнинг хизматини қилмадинг!» деган сабаб билан ҳомиладор келинойисига ҳужум қилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судидан маълум қилишларича, йигит келинойисининг ожизлиги, ҳомиладорлигини била туриб, унинг қорин соҳасига кўкрак, бўйин, ҳаёти учун муҳим саналган баданининг бошқа жойларига ўн беш маротаба пичоқ урган.

Бўлғуси она, ёшгина аёл олган тан жароҳатлари, ички-ташқи қон кетиши оқибатида воқеа жойида вафот этади.

Руҳий касалликлар клиник шифохонаси хулосасига кўра, Неъмат Зариповда «васвасага тушиш» касаллиги аниқланган. У ижтимоий хавфли қилмишни содир этган вақтида ўз ҳаракатларини идрок қила олмайдиган даражада руҳий носоғлом бўлган. Унга нисбатан кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида интенсив назоратда, мажбурий тартибда даволаниш тавсия этилган.

Суд иш бўйича мутахассис ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаси ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далилларни ўрганиб чиқиб, Неъмат Зариповнинг одам ўлдиришда ифодаланган ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган, деб ҳисоблаб, унга нисбатан жиноят ишини тугатишни ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси тайинлашни лозим топди.Аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳомиладор келинойисига 16 марта пичоқ урган 21 ёшли йигит 15 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкентдаги ҳодисада аёл мўъжиза туфайли тирик қолган, ҳомиласини ҳам сақлаб қолган эди.

1 718 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling