Эҳтиёт бўлинг, сохта совчи «ов»га чиқди!

1978 йилда Фарғона вилоятида туғилган, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган Шокир Ҳакимов (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилди) фирибгарликнинг янгича усулини ўйлаб топди. Йўқ, йўқ у юзига ниқоб ҳам тақмади, интернет тармоқларида аллақандай калит сўзлардан ҳам фойдаланмади, балки хушомаду тилёғламалик қилиш ёрдамида бир нечта аёлларнинг ишончига кирди.
«Сизни укамга сўраб келдим…»
Тошкент шаҳридаги хусусий корхоналардан бирига кириб келган Шокир Ҳакимов жамғармада 1-тоифали инспекторо вазифасида ишловчи Малика Қаноатованинг ёнига боради. Даб-дурустдан мақсадга ўтиб бўлмаслигини яхши билган Ҳакимов аввал қизга мулозамат кўрсатиб, унинг ишончига киришга ҳаракат қилади. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Шокир ташрифи боисини маълум қилади: «Сизни укамга келин қилмоқчимиз. Ростини айтсам, бу ерга келганимнинг асл сабаби ҳам шу!» Маликанинг юзига қизиллик югургани, кўзлари ер чизаётганидан фойдаланган Ш.Ҳакимов режанинг кейинги қисмига ўтади: «Йўқ демасангиз, бармоғингиз ўлчамини билмоқчи эдим. Мабодо қўлингиздаги мана бу узукни ечиб, менга бериб туролмайсизми?»
Шокирнинг гапига лаққа тушган қиз бармоғидаги нархи 800 000 сўмлик тилла узукни ечиб бериб, икки дақиқага ташқарига чиққан «совчи»нинг қайтишини кута бошлайди. Бу пайтда эса тилла узукни қўлга киритган Ш.Ҳакимов аллақачон воқеа жойидан яширинган эди.
Бир дона тилла узук пули қанчага ҳам етарди, яна «ов»га чиқиш керак, дея хаёл қилган Ш.Ҳакимовнинг кейинги манзили пойтахт марказидаги тиббиёт клиникларидан бири бўлди. У бу ерда шу клиниканинг таянч докторанти Лола Эркиновани нишонга олади. Аммо бу сафар у қармоқни чуқурроқ ташлашга аҳд қилди. Ўзини Лоланинг ҳаётидан хабари бор одамдек тутган Ш.Ҳакимов унга унинг турмушдан ажрашганини билиши, оилавий шароитидан бохабарлигини маълум қилиб, ишончига киради. Ш.Ҳакимовнинг унга уйланмоқчи эканини эшитган Лола аввалига бу гапларга эътибор қилмайди. Шокирнинг ўзи тақиб олган тилла занжирга ўхшаш тақинчоқ совға қилмоқчи эканлигини эшитгач, бироз юмшайди. «Онам ташқарида кутиб турибди. Агар бўйнингиздаги занжирни бериб турсангиз, уларга кўрсатиб келардим. Шунга ўхшашини ясаттирар эдик», деб Лоланинг нархи 3 000 000 сўмлик тилла занжирини қўлга киритган Ш.Ҳакимов ташқарига чиққанча, қайтиб қорасини кўрсатмайди.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. «Совчилик» операциясини давом эттирган Ш.Ҳакимов Ўзбек давлат циркига йўл олади. Бироқ унинг мақсади томоша кўриш эмас, балки кўрсатиш эди.
Ўша куни у цирк яқинидаги гўзаллик салонида фаррош вазифасида ишлаб келаётган Гулнора Ниғматованинг иш вақти тугашини кутиб туради. Сўнг аёлни цирк биноси ташқарисида тўхтатиб, унинг турмушга чиқмаганлиги, оилавий шароитидан хабари борлигини айтиб, уйланмоқчи эканини маълум қилади. «Ниятим жиддий. Агар майли десангиз, телефонингиздаги расмларни анави ерда мени кутиб турган онамга кўрсатиб келсам». Соддлагина Гулнора устасифаранг фирибгарга чув тушганини телефони қайтиб келмагач, билди.
«Турмушга чиқмаган қизлар борми?»
Биласиз, совчилик жиддий масала. Аммо шуниси ҳам борки, корхона ёки ташкилотларга кимнидир сўраб келишса, ҳамма яхши ниятда турмушга чиқмаган қизлар ҳақида маълумот беради. Афсуски, ўзини совчи, деб таништирганлар орасида Ш.Ҳакимовга ўхшаган фирибгарлари ҳам бор экан.
Судда кўрсатма берган Ш.Ҳакимов барчасига иқрор бўлиб, Тошкент шаҳридаги турли идораларга бориб, ўзи уйланмоқчи ёки укасини уйлантирмоқчи бўлган одамдек тутиб, турмушга чиқмаган, оиласидан ажрашган хотин-қизлар ҳақида маълумот йиққанини сўзлаб берди.
Шокир Ҳакимов:
  • Ўша ерда ишловчи аёллар ким ҳали турмушга чиқмагани, кимнинг турмуши бўлмагани тўғрисида айтишар, сўнг улардан сўраб, билганларимга кўра, қизлар билан танишардим. Малика Қаноатовани укангизга олиб берсангиз бўлади, дейишгач, унинг ёнига бориб, гапга солдим. У бундай масалаларни ота-онаси ҳал қилишини айтди. Мен ундан ота-онасининг телефон рақамини олдим. Сўнг ташқарида онам кутиб турганини айтиб, ўзини қандай тутишини кузатдим. У ташқарига чиқмаслигини айтгач, тўй совғаси сифатида узук яссаттирмоқчи эканим, аммо бунинг учун унинг бармоқ ўлчами кераклигини маълум қилдим. Малика узугини беришга рози бўлмади. Яна бироз гапга солиб, ишончига кирганимдан сўнг узукни қўлга киритдим.
Ш.Ҳакимовнинг кўрсатмасини эшитиб, ҳайрон қоласан, киши, наҳот қизлар биринчи марта кўриб турган одамига шунчалик ишонишса? Ё пихини ёрган деганлари шундай бўлармикин-а?
«Кўринишидан «афиристга» ўхшамасди»
Жабрланувчилардан бири Гулнора Ниғматова қандай қилиб, Ш.Ҳакимовнинг қармоғига илинганини сўзлаб берди.
Гулнора Ниғматова:
  • Иш вақтим тугагач, ҳамкасбим билан Чорсу бозорига бориш учун ташқарига чиқдик. Бир пайт ортимдан кимдир исмимни айтиб чақирди ва менда шахсий гапи борлигини айтди. Ўзини «Иззат» деб таништирган Ш.Ҳакимов ёнимга келиб, турмушга чиқмаганим, оилавий шароитим, мен ҳақимда билганларини сўзлай кетди. Менга уйланиш нияти борлигини айтганида, бу масалани бир ўзим ҳал қилмаслигимни қатъий гапирдим. У эса «Расмингизни беринг, онамга кўрсатаман, сизни ёқтириб қолдим», деди. Унинг самимий сўзлаши, ўзини тутиши ва уст-бошига қараб, заррача ҳам шубҳага бормадим. Расмларим телефонимда эканини айтганимда, у аппаратни бериб турсам, сал нарида турган онасига кўрсатиб, қайтариб олиб келиб беришини айтди.
Суд темир панжараси бегона бўлмаган Ш.Ҳакимов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбли, деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Фаррух Тўрахўжаев
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси
Дилдора Юсуфбекова,
журналист.
1 231 Ko'rishlar

Leave a Reply

avatar
  Xabarlarga azo bo'lish  
Xabardor qiling