Президент топшириғи: ходимлар шанба куни 17:00 дан кейин ишда қолмасин, якшанба кунини оила даврасида ўтказсин

2 ҳафта олдин ўтинчиларни мисол келтириб «Яхши дам — меҳнатга ҳамдам» деган пост қолдиргандим, деб ёзмоқда Хушнуд Худойбердиев. — Унда кўпчиликнинг дарди баён этилган шекилли, пост 300 минг марта ўқилди ва 600 га яқин изоҳлар қолдирилди. Изоҳлар бир-биридан оғир, ўқиган саринг йиғлагинг келади. Биргина давлат ишида ишлайдиган ходимнинг турмуш ўртоғи «Ўғлим боғчада ўртоқларига «менинг дадам йўқ», дебди» дея изоҳ қолдирганининг ўзи бутун вазиятни рўй-рост кўрсатиб турибди.

Мана шундай муҳокамалар фонида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Президент Шавкат Мирзиёев барча давлат органи раҳбарларига кечки мажлисбозликларга чек қўйиш, давлат хизматчилари, шу жумладан, раҳбарларнинг шанба куни 17:00 дан кейин ишхонада қолмасликлари, якшанба кунлари эса тўлиқ оила даврасида бўлишни назарда тутган ҳолда ишларни ташкил этиш билан боғлиқ аниқ кўрсатмалар бергани ҳақида 1 ноябрь куни хабар берди.

Вазирлик хабарида, ушбу топшириқ қачон ва қаерда берилганига аниқлик киритилмаган. Бундай деяётганимнинг сабаби бор, албатта.

Хотирамиз қисқа. Худди шунақа топшириқ ўтган йили август ойида ҳам берилганди (сурат пастда).

Шунга ҳайрон бўлиб турибман, Президент шу кунларда яна бир бор аввалги топшириғини қуйи бўғиндаги ижрочиларга жиддийроқ қилиб қайтардимикин ёки вазирлик ўша ўтган йилги топшириқни яна бир бор эслатдимикин?

Аммо бошқа нарса ҳам қизиқ, Президентнинг аввалги топшириғи берилганига ҳам 1 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, жойларда бу топшириқ ижроси деярли таъминланмади. Шанба-якшанба кунлари иш вақтида бирор жиддий сезиларли енгиллик бўлгани йўқ. Албатта айрим виждонли раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ходимлари нормал меҳнат шароитларига амал қилаётган ташкилотларни ҳисобга олмаганда.

Ходимларини ҳақ тўланмайдиган ортиқча иш вақтида иш жойида бўлишни талаб этадиган, дам олиш кунлари ҳам ишга чиқишга кўрсатма берадиган, ходимларига ўз вақтида меҳнат таътили бермасдан, худди роботдек ишлатадиган раҳбарларни ҳеч қанақасига оқлай олмайман, узр. Ватанпарварликни рўкач қилиб, «дам олмасдан ишласак юртимиз ривожланиб кетади», деган асоссиз важлар билан ходимларини, юқоридагиларни ва ўзларини алдайдиган мутасаддилар балки мамлакатимизнинг ривожланишини ортга тортаётгандир, ким билсин…

Майли, кўрайликчи, вазирликнинг кутилмаганда бундай расмий хабар бериши бежизга эмасдир балки. Ижтимоий тармоқларда айрим давлат ташкилоти раҳбарлари ва ходимларининг дам олиш кунини оиласи даврасида ўтказаётгани ҳақида пост қолдираётгани ҳам бежизга эмасдир балки. Балки Шавкат Мирзиёевнинг 1 йил олдинги ушбу топшириғини яқинда кадрлар масаласи бўйича Президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва замонавий дунёқарашга эга бўлган Шерзод Кудбиев жиддий назоратга олишни бошлагандир, ким билсин…

Яшасак кўраверамиз, яхши янгиликлардан умидвормиз…

2 830 Ko'rishlar

2
Leave a Reply

avatar
2 Fikrlar
0 Mavzuga javoblar
0 A'zolar
 
Ko'pgina javoblar
Eng yangi sharhlar
2 xabar muallifi
улуғбекОдилжон So'nggi sharh mualliflari
  Xabarlarga azo bo'lish  
eng yangi Oldingi eng ko'p ovoz berdi
Xabardor qiling
Одилжон
Mexmon
Одилжон

кани айтганигиз булса эди. бу орзу

улуғбек
Mexmon
улуғбек

Акалар қани энди зўр бўларди хафтада 1 кун дам олсак шунда томорқага хам қарардик бошқаларни томорқасини эктиравермасдан ўз хонадонимизга хам қараймиз