2021 йилда порахўрлик 3 баробарга ортиб, моддий зарар 1,3 трлн сўмга етган. Наманган вилоятида ҳам энг ёмон кўрсаткич қайд этилган.

2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига қарийб 1,3 трлн сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида бўлиб ўтган мажлисда таъкидланди.

Таъкидланишича, республикада коррупцион жиноятларга қарши олиб борилган фаол ишлар натижасида 2021 йилда республика бўйича 3 769 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 282 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.

Сенаторлар муҳокамасида аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилганлиги танқид қилинди.

Мажлис сўнггида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 

2 617 Ko'rishlar
Total
0
Share