Жалолиддин Аҳмадалиев ва Хамдам Собиров қўшиқларидан рухсатсиз фойдаланган кафе эгаси жавобгарликка тортилиши мумкин

Андижондаги кафелардан бири хонандалар Жалолиддин Аҳмадалиев ва Ҳамдам Собировларнинг қўшиқларидан рухсатсиз фойдаланаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Андижон вилоят адлия бошқармаси хабар бермоқда.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг 45-моддасига кўра юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш ва кабель орқали юборишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, асардан, ижродан, фонограммадан ёхуд эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Агарда шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланилган бўлса Мазкур Қонуннинг 62-моддасига асосан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бузилган деб ҳисобланади.

Андижон вилоят адлия бошқармасига Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти Андижон шаҳридаги умумий овқатланиш жойида жамият аъзолари ҳисобланган Хамдам Собиров ва Жалолиддин Аҳмадалиев ижросидаги қўшиқлардан ҳеч қандай рухсатсиз ҳамда тегишли лицензия шартномасини тузмаган ҳолда фойдаланаётганлиги юзасидан мурожаат қилган. Мурожаатда жамият хонандалар билан тузилган шартномаларга асосан ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқи объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳимоя қилиши қайд қилинган.

Мурожаатни кўриб чиқиш давомида ҳақиқатан ҳам Андижон шаҳрида фаолият юритувчи «МЎЪЖИЗА САВДО ПЛЮС» МЧЖ томонидан Хамдам Собиров ижросидаги «20 март», «Тентакчам» ҳамда Жалолиддин Аҳмадалиев ижросидаги «Жаноним», «Ёр биздан кетди» номли қўшиқлари ҳеч қандай рухсатсиз ва тегишли шартнома тузмаган ҳолда омма эътиборига етказилиб келинаётганлиги аниқланган.

Ўрганиш юзасидан тадбиркорга юқорида қайд этилган қўшиқларни фойдаланадиган ижролар рўйхатидан (плейлист) ўчиришни сўраб, тақдимнома киритилган. Шунингдек, жамият раҳбарига муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектларидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланиш лозимлиги тушунтирилган.

Маълумот учун, агарда тадбиркор бир ой давомида тақдимнома ижросини таъминланмаса қонунчиликда белгиланган тартибда жазога тортилиши мумкин.

2 549 Ko'rishlar
Total
0
Share