Хушхабар! Хотин-қизларга таълим кредитлари ажратилади

Тижорат банкларига Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқишлари учун имтиёзли шартларда таълим кредитлари ажратилади. Бу 18 июль куни президент имзолаган қарорда назарда тутилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳужжат таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагидаги хотин-қизлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.

Унга кўра, тижорат банкларига Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилди.

Кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли учун хотин-қизларга:

тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади;

таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;

таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади;

таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатидақатнашишига рухсат этилади.

Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

1 218 Ko'rishlar
Total
1
Share