Криштиану Роналду «Рома»га ўтиши мумкин

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»дан кетиши мумкин.

La Repubblica нашрининг хабарига кўра, португалиялик ҳужумчи жамоа янги муббийи Эрик тен Ҳагнинг услубига мос келмайди.

«Манчестер Юнайтед» кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигини инобатга олган футболчининг агенти Жорже Мендеш мижози учун янги жамоа излаш билан банд.

37 ёшли ҳужумчига «Рома» қизиқиш билдирмоқда. Жозе Моуриньо билан бир йиллик ҳамкорликдан сўнг римликлар Роналдунинг трансфери «Рома» брендини ривожлантириш ва унинг машҳурлигини ошириш учун ёрдам беради деб ҳисобламоқда.

Роналду учун Италиядаги солиқ режимини муҳим рол ўйнаши мумкин, у ердаги солиқ тизими бошқа Европа мамлакатларига қараганда юмшоқроқ. Мендешнинг «Рома» билан мустаҳкам алоқалари мавжуд, у клубга Жозе Моуриньо, Руй Патрисиу ва Сержиу Оливейрани олиб келишга ёрдам берган. «Рома»нинг спорт директори Тиагу Пинту ҳам Жорже билан илиқ муносабатларга эга. Улар иккаласи Пинтунинг «Бенфика»да ишлаган давридан буён ҳамкорлик қилиб келади.

Бироқ Роналдунинг «Рома»га ўтишига тўсиқлар мавжуд. Биринчидан, римликлар унга «Манчестер Юнайтед» тўлайдиган 23 миллион евролик маошни тўлай олмайди. Италия клубида аллақачон молиявий фейр-плей борасида муаммолар мавжуд. Иккинчидан, «Рома» ҳам манкунианликлар сингари кейинги мавсум Европа Лигасида иштирок этади. Бу мусобақа Роналдуни ўзига жалб этиши амри-маҳол.

Португалиялик фаолиятини давом эттириши учун яна бир вариант мавжуд — янги мавсумда Чемпионлар Лигасида иштирок этувчи «Спортинг». Криштиану ушбу жамоада фаолиятини бошлаган.

Ҳужумчи 2021/22 йилги мавсумда барча мусобақаларда 39 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди.

183 Ko'rishlar
Total
0
Share