Telegram пуллик бўляпти

Telegram бир қанча пуллик функция ва хизматларни ўз ичига олган обунасини жорий қилмоқда. Бу ҳақда компания маълум қилди.

Қайд этилишича, бу мессенжер учун реклама платформасидан кейинги иккинчи монетизация усули бўлиб, у иловани сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплайди ва ишлаб чиқувчиларга келгусида ҳам фойдаланувчиларга чексиз ва бепул хизмат кўрсатишда давом этиш имконини беради.

Telegram Premium нархи ойига $5 бўлади.

Қуйида мессенжернинг премиум фойдаланувчиларини кутаётган барча маълум янгиликлар билан батафсил танишинг.

Лимитларни ошириш

Пуллик обуна сизга мессенжернинг айрим чекловли функцияларини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради – қоида тариқасида, рухсат этилган чегаралар икки баравар кўпаяди:

Чатлар сони (100 → 200).
Обуна бўлиш мумкин бўлган каналлар ва супергуруҳлар сони (500 → 1000).
Жилдлар сони (10 → 20).
Асосий саҳифа (5 → 10) ва жилд ичидаги (100 → 200) маҳкамланган диалоглар сони.
Каналлар ва супергуруҳлар учун очиқ ҳаволалар сони (10 → 20).
Севимли стикерлар сони (5 → 10).
Сақланган GIF’лар сони (200 → 400).
Иловага алоҳида рақамлар билан уланган аккаунтлар сони (3 → 4).
4 ГБ гача бўлган файлларни юклаш имконияти
Telegram Premium эгалари мессенжер “булут”ига 4 Гб гача бўлган ҳажмдаги файлларни юклашлари мумкин бўлади.

Пуллик обунага уланмаган фойдаланувчилар одатдагидек 2 ГБ гача бўлган медиа материалларни жўнатиши мумкин бўлади. Илова хотираси Telegram’дан фойдаланувчи ҳар бир киши учун чексиз бўлиб қолмоқда.

Тезроқ юклаб олиш имконияти

Медиа ва ҳужжатларни юклаб олиш тезлигида энди чекловлар йўқ бўлмайди. Пуллик абонентлар керакли файлларни илова кешига аввалгидан сезиларли даражада тезроқ юклаб олишлари мумкин бўлади.

Овозли хабарларни матнга айлантириш

Энди овозли хабарларни тинглашнинг ҳожати йўқ: кирувчи аудио ёзувнинг мазмунини бир марта босиш билан қулай матн форматига ўгиринг.

Рекламалар йўқ

Барча постларни ўқиб чиққандан сўнг тасма охирида кўрсатиладиган ҳомийлик постлари энди йирик оммавий каналларда кўринмайди. Имтиёз фақат Премиум абонентлари учун амал қилади.

Ноёб реакциялар

Обуна бўлган фойдаланувчилар хабарлар остида стандарт тўпламга киритилмайдиган қўшимча анимацион реакцияларни қолдиришлари мумкин (ҳозир у 16 та эможини ўз ичига олади).

Премиум стикерлар

Стикерлар “пештахтаси” ҳар ой эксклюзив стикерларни ўз ичига олган пакетлар билан янгиланиб боради. Чатга бундай стикерларни фақат Telegram Premium эгалари юбориши мумкин бўлади.

Диалогларнинг кенгайтирилган бошқаруви

Обуначиларга ҳар қандай саҳифани стандарт жилд сифатида ўрнатиш имконияти берилади (ҳозирда “Барча чатлар” стандарт жилддир).

Профил белгиси

Абонент исмининг ёнига қўйилган юлдуз шаклидаги ўзига хос нишон уни бошқа фойдаланувчилардан ажратиб туради.

Анимацион аватарлар

Видео аватарларининг анимацияси нафақат фойдаланувчи профилини очишда, балки чатлар рўйхатида ва диалог ойналарида ҳам кўринади.

Премиумга эга бўлмаган фойдаланувчилар учун юқорида кўрсатилган ҳолатларда видео аватар олдиндан танланган ҳолатда статик бўлиб қолади.

3 275 Ko'rishlar
Total
0
Share