«Шакар васвасаси» — Хавотирланишга арзийдими?

Бозорларда шакарга навбатлар юзага келгани, дўконларда сотувга кам чиқарилаётгани ёки нархининг баландлаши, йирик супермаркетларда шакар сотиб олишга чеклов қўйилгани – бу маҳсулотга айни эҳтиёж ортган бир пайтда (шарбатлар ёпиш мавсуми) одамларда хавотир уйғотиши тайин.

Бундай танқисликка сўнгги кунларда мамлакатимизда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қатори шакар нархи ошгани сабаб, уни ортиқча харид қилиб, ғамлаб қўйишга ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам сабаб бўлмоқда.

Хавотирланишга жиддий асос борми ўзи? Шакарни ғамлаб қўйиш учун қайта-қайта соатлаб навбатларда туриш арзийдими?

«Xabar.uz» пойтахтимиздаги айрим бозорлардаги ҳолатларни кузатди.

Сергели деҳқон бозори

Бозор маъмуриятининг қайд этишича, бир нечта нуқталарда бир килоси учун 10 минг сўмдан шакар савдоси ташкил этилган. Ҳар бир харидорга 5 килогача маҳсулот сотиб олиш имкони берилган.

Қўйлиқ деҳқон бозорида навбат узунроқ.

«Карзинка» супермаркетлар тармоғида 900 грамм шакар 9890 сўмдан сотилмоқда. Бир харидор икки килогача сотиб олиши мумкин. Кун давомида айрим супермаркетларда сотувдаги шакар тугаб қолиши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Шакар сиёсати ҳар доим давлат назоратида бўлган. Юзага келган бир неча кунлик тансиқликдан келиб чиқиб, айримларда шакар захирамиз етарлими ўзи, деган савол туғилиши табиий.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати ички бозордаги шакар маҳсулоти нархлари тўғрисида маълумот берди. Маълумотда ташқи ва ички бозорларда шакар нархининг ўзгариш динамикаси ва унга таъсир қилувчи омиллар келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида нархларнинг ошиши Ўзбекистон ички бозорида шакар нархи бўйича инфляцион кутилмаларнинг кучайишига маълум маънода таъсир кўрсатган.

Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди.

Хусусан, жорий йилда мамлакатимизда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январь-май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни ташкил этиб (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилмоқда.

Шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган шакар маҳсулоти аҳоли эҳтиёжларини таъминлай оладими?

Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида «Ангрен шакар» МЧЖ масъуллари билан боғландик.   

— Бизда ишлаб чиқариш қуввати суткасига минг тонна ҳисобланади, — дейди заводнинг бош технологи Баҳром Қурбонов. — Ҳозирги пайтда аҳолининг шакарга бўлган талабини қондириш мақсадида корхонамиз бир суткада 1100 тонна шакар ишлаб чиқаряпти. Аслида корхона йилига 300 минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона ортиқча қувват билан ишлаётгани боис, ҳар ойда 30 минг тоннадан ортиқ шакар чиқариляпти. Бу йилига 360 минг тонна дегани.  Яъни корхонамиз ўз қувватидан ҳам юқори ҳолатда ишлаяпти. Демакки, аҳолининг ортиқча хавотир олишига асос йўқ. Биз имкониятларимизни ишга солган ҳолда, аҳолини узлуксиз шакар маҳсулоти билан таъминлай оламиз. Бунинг учун бизда етарли хомашё бор. Шакар омборларимизда тайёр маҳсулотлар аҳолига етарли даражада жамғарилган.

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқарувчи иккита йирик завод — «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамиятлари фаолият юритади. Улар орасида 2014 йилда ташкил этилган «Ангрен шакар» йирик ишлаб чиқариш қувватига эга заводлардан саналади.

Мутахассиснинг қайд этишича, шакар ишлаб чиқаришда мазкур корхонада шакар таркибида сахарозанинг софлигига катта эътибор қаратилади. Давлат стандарти талаби бўйича шакар таркибидаги сахарозанинг миқдори 99,7 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган шакар маҳсулотининг таркибидаги сахароза миқдори 99,8 фоиздан кам эмас. Корхонада шакар маҳсулоти шакарқамиш хомашёсидан тайёрланади. Хомашё эса, асосан, Бразилиядан, шунингдек, Мексика ва Аргентина давлатларидан келтириляпти.

Статистика маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг бир йиллик шакарга эҳтиёжи 650 минг тоннани ташкил этади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жорий йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми мамлакатимизда 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этишини маълум қилди. Демак, аҳоли эҳтиёжидан ортича маҳсулот етказиб берилади. Яъни аҳолининг шакарга бўлган талабини узлуксиз қондирилиш учун имконият етарли даражада.

Бугунги кунда шакар атрофида юзага келган «ажиотаж» кўп эҳтимол билан бир неча кун ичида ўтиб кетади. Бундай ҳолат деярли ҳар йили шу мавсумда кузатилиб туради. Шу сабаб айни кунларда бу маҳсулотни ортиқча ғамлаб қўйишга уринишларни жоиз деб ҳисобламаймиз. Ҳар ким ўз эҳтиёжига яраша харид қилса, талабдаги кескинлик пасаяди ва ҳаммаси ўз изига тушади.

3 878 Ko'rishlar
Total
0
Share