Мусулмонлар идораси Ҳаж зиёрати нега қимматлашганини батафсил тушунтирди

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳаж зиёрати нега қимматлашгани юзасидан баёнот берди.

Ҳаж-2022 мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62,9 миллион сўм этиб белгиланган. Бу ижтимоий тармоқларда турли гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Таъкидланишича, айримлар тўлиқ асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиб, одамларда норозилик кайфиятини уйғотишга уринишмоқда.

Идора фуқаролар ижтимоий тармоқлардаги турли асоссиз ва таги йўқ маълумотларга чалғиб қолмасликлари учун айрим маълумотларни тақдим этган.

Қайд этилишича, Саудия ҳукумати ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилган. Шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида Масжиди Набавийдан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Pullman Zamzam” ва “Crowne Plaza” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайдилар.

Сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Идора ҳаж учун тўланган маблағ ичига нималар киришини батафсил санаб ўтган. Жумладан, авиарейслар, Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар, 24 соат тиббий хизмат, зиёратчиларнинг тиббий суғуртаси, 24 соат транспорт хизмати, 3 маҳал исиқ овқат ва қурбонлик рўйхатдан ўрин олган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида мамлакат зиёратчилари учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришган ва тўлов учун ўрта нархни белгилаган.

Идора айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг долларгача этиб белгилангани эслатиб ўтган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар 18 июнь куни ҳаж зиёрати учун Саудия Арабистонига парвоз қилишни бошлайди. Жўнаш авиақатновлари 30 июнга қадар давом этади. Зиёратчилар мамлакатнинг 7 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларидан ташиш режа қилинган. Барча рейслар тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига амалга оширилади.

3 362 Ko'rishlar
Total
0
Share