Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даражага кўтарилди

1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,9 млрд долларни ташкил қилади. Бу рекорд кўрсаткичдир.

Захиралар асосан олтин ва хориж валютадан иборат. Апрель ойида иккаласи ҳам ўсди:

  • олтин — 0,4 миллиард долларга (умумий 13,5 миллиард доллар);
  • валюта – 0,5 млрд долларга (умумий 21,3 млрд доллар).

Ўзбекистон захираларида 11,1 миллион троя унция олтин бор. Бу тахминан 345 тоннани ташкил этади.

Олтин захиралари нима учун керак?

Оддий тил билан айтганда, бу суғурта, давлатнинг «хавфсизлик ёстиғи». Захиралар дунёнинг деярли барча мамлакатларида фавқулодда вазиятлар учун мавжуд.

Захиралар одатда юқори ликвидли, яъни тез сотиладиган активларда сақланади. Олтин ва хорижий валюта ушбу талабларга жавоб беради — улардан исталган вақтда қарз тўлаш ёки инвестициялар учун фойдаланиш мумкин.

2017 йилгача Ўзбекистон захиралари тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида захиралар 26 миллиардни ташкил этиши маълум бўлган. Ўшандан бери улар деярли 10 миллиард долларга ўсган.

Захиралардан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин ва ўрни қандай тўлдирилади?

Захиралардан турли мамлакатларда турлича фойдаланилади. Бу одатда тўлов баланси тақчиллигини молиялаштириш, валюта бозорида интервенсиялар ўтказиш, миллий валюта курсини ушлаб туриш, ташқи қарзларни қоплаш ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Захиралар мамлакатда қазиб олинган олтин, халқаро бозорга қимматли қоғозлар чиқарилиши, савдо баланси профицити ва бошқалар ҳисобига тўлдирилади.

Масалан, Ўзбекистонда захиралар, жумладан, ОКМК ёки НКМК томонидан қазиб олинган олтин ҳисобига тўлдирилади. Олтин четга сотилганда мамлакатдаги захиралар ҳам камаяди.

35,9 миллиард доллар — бу кўпми ёки кам?

Ривожланаётган мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам халқаро ташкилотлар уч ойлик импортни молиялаштириш учун етарли бўлган захираларни сақлашни тавсия қилади.

35,9 миллиард доллар ҳозир Ўзбекистонга 20 ойдан ортиқ импортни молиялаштириш учун етарли. Бундай кўрсаткич ишончли ҳисобланади.

1 413 Ko'rishlar
Total
0
Share