Жаҳон банки билан қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда (Фото)

7 апрель куни Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Европа ва Марказий Осиёда рақамли ривожланиш амалиёти менежери в.б. Никол Клинген билан учрашув ўтказди.

Учрашувда «Ўзбекистонда инклюзив рақамлаштириш» кенг кўламли лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат, рақамли инфратузилма ва IТ-таълимни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда Жаҳон Банки билан бевосита ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, ёшларни AКТ соҳасига кенг жалб этиш орқали уларнинг бандлигини ошириш, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш вазирлик фаолиятидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банки иштирокида «Ўзбекистонда инклюзив рақамлаштириш» лойиҳаси доирасида масофавий хизматлар кўрсатиш марказларини (BPO-марказлари) ташкил этиш ва жиҳозлаш кўзда тутилган.

Томонлар ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиши доирасида муҳимлигини қайд этиб, уни самарали амалга ошириш ва AКТ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

168 Ko'rishlar
Total
0
Share