Фарғонада уч нафар фуқаро алоқа компанияси офисига ҳужум уюштирди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида уч нафар фуқаро алоқа компанияси офисига ҳужум уюштириб, шохобча ходимига тан жароҳати етказишади. У ердан 5 миллион сўмни талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинишади. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятида 2022 йил 19 февраль куни соат 00:17 да номаълум шахслар юзига ниқоб тақиб, пичоқ билан қуролланиб, Олтиариқ тумани Ўзбекистон кўчасида жойлашган уяли алоқа компанияси дилерлик шохобчасига ғайриқонуний равишда киришади.

У ерда бўлган 21 ёшли Т.З.га ҳужум қилиб, унга пичоқ тираб қўрқитишади ва тан жароҳати етказиб, шохобчада бўлган 5 миллион сўм пулларни талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинишади.

Фото: Тергов департаменти

Натижада Т.З. бурун суягининг ёпиқ синиши, бурун соҳасида шилинган жароҳати билан Олтиариқ туман тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Олтиариқ туманида яшовчи 31 ёшли А.Х., 30 ёшли Э.О. ва М.А.лар томонидан содир этилганлиги аниқланиб, улардан мазкур жиноятни содир этишда фойдаланган нарса ва буюмлар ҳамда жиноий йўл билан қўлга киритган пуллар эвазига сотиб олинган буюмлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда юқоридаги шахслар жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланишган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

368 Ko'rishlar
Total
0
Share