Судьялар оилавий низоларни олдини олиш юзасидан давра суҳбати ўтказишди

Маълумки, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайди.  У жамиятнинг асосий хужайраси, унда шахс шаклланади ва камол топади. Оила ҳар бир инсоннинг руҳиятида ўлмас азалий қадриятлар ва авлодларнинг бой маънавий меросини сақлаш руҳида  тарбиялайди.

            Оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига сингдириш ҳамда  оила аъзоларининг ҳуқуқий-маданий саводхонлигини ошириш орқали оилаларни мустаҳкамлаш, кундалик турмушимиз вужудга келаётган оилавий-мулкий ва бошқа низоларни камайишига эришиш бугунги куннинг энг муҳим масаласи ҳисобланади.

Шу муносабат билан Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирокида 2022 йилнинг 9 февраль куни Янгиқўрғон туманидаги “Баркамол” ҳамда “Ровут” маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Эрта никоҳ қуриш, яқин кариндошлар ўртасида никоҳ тузиш оқибатлари, шаърий никоҳларни ва никоҳдан ажралиш ҳолатларни олдини олиш” масалалари бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Вилоят судининг судьяси М.Султанова сўзга чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан  кўрилаётган никоҳдан ажрашиш ҳақидаги ишларда айрим фуқароларнинг оила деб аталмиш муқаддас даргоҳни оёқ ости қилаётганликлари, турмуш масалаларига енгил-елпи қарашлар учраётганлиги, хусусан, қонуний никоҳни писанд қилмай шаръий никоҳ асосида оила қуриб, наинки ўзига балки фарзандларига жабр қилаётган фуқаролар афсуски учраб тураётганлик ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари, судьялар томонидан ҳозирги кунда айрим ота-оналар билан вояга етган фарзандлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилганлиги, бунинг оқибатида нуронийларимиз моддий таъминотга эхтиёжлари ошаётганлиги, икки ўртада низо келиб чиққач, ота-она ва фарзандларнинг судлашиш ҳолатлари ҳам учраётганлиги, Ўзбекистон Републикаси Конституциясининг 66-моддасида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланганлигини, мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, ҳар бир фарзанд ота-онасига ғамхўрлик қилиши шартлиги хусусида ҳам тушунтиришлар бердилар.

Дарҳақиқат, муқаддас даргоҳ ҳисобланган оиланинг  мустаҳкамлиги, халқимиз, Ватанимиз келажаги бўлган соғлом авлодни қўллаб-қувватлаш ҳаммамизнинг ҳам асосий мақсадимиздир. Оиласи тинч, фарзандлари билимли ва кучли бўлган юрт қудратли бўлади.  Зеро, ўз уйида бахтли бўлган кишигина бахтлидир.

Муҳайё ДЕДАМИРЗАЕВА,
Наманган вилоят судининг судьяси

520 Ko'rishlar
Total
0
Share