Фарғонада бир қатор ҳоким ва раҳбарлар ишдан олинди

Фарғона вилоятидаги учта туман — Қува, Ўзбекистон ва Ёзёвон туманлари ҳокимлари ишдан олинди. Шунингдек яна бир қатор сектор раҳбарлари лавозимидан озод қилинган.

Фарғона вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этаётган Президент Шавкат Мирзиёев бу борада шундай фикр билдирди:

— Ҳаёт курашдан иборат. Айрим туман ҳокимлари аравани торта олмаяпти. Шу сабабли 3 та туман ҳокимини ишдан олдик.

Туман ҳаётида депутатлар ўрни ҳам катта бўлиши керак. Депутат дегани халқнинг овози, халқнинг дарди, деганидир. Мен сизга шунча имконият беряпман, энди ишлаш керак. Депутатлар фарғонача юмшоқ муомала қилмасдан, аччиқроқ гапирадиган, талаб қиладиган вақт келди.

Ҳокимлар ерда юриб, халқнинг дардини енгил қилса, обрўйи ошади. Машинада юриб обрў топа олмайди.

Охирги 4 йилда ўзгариш бўлдими, деган савол бор? Адолат билан жавоб берсак, албатта ўзгариш бўлди. Энг аввало одамлар эркинликни ҳис қилди. Ҳаётимизга оммавий ахборот воситалари кириб келди. Албатта бу ҳолат кўпчиликка ёқмайди. Менинг энг катта ташвишим — туман миқёсидаги раҳбарлар, қуйи поғона раҳбарлари ўзига масъулият олишни истамаяпти. «Бизга бўлаверади», деган кайфиятда ишламоқда.

Депутат деганлари ўз мақомига мос бўлиши керак. Мен Олий Мажлисни «Халқ уйи», деб атайман. Биз мана шундай даргоҳга киришга муносибмизми? Мана шу саволга виждонан жавоб бера оламизми? Энди мудраб ўтирадиган вақт ўтди. Мудрасак қимматли вақтимизни йўқотамиз. Оқибатда эртага фарзандларимизнинг таъна-дашномини эшитамиз.

Фақат Президент изланишда бўлмаслиги керак, бошқалар ҳам ташаббус кўрсатсин. Тўғри, илгари вазият оғир эди, депутатлар қарсак чалишдан бошқа ишни билмасди. Шахсан ўзим ҳам депутатлик қилганман, вилоят, туман ҳокими бўлиб ишлаганман. Ўзбекистоннинг қаерида қандай муаммо борлигини жуда яхши биламан.

Депутатмисиз, демак вазифангизга муносиб бўлинг. Изланинг, таклиф беринг, талаб қилинг.

Бундан буён 4 та сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг 7 та ўринбосарлари «маҳаллабай» ишлаб, аҳолининг муаммоларини ҳал қилишга шахсан масъул ва жавобгар. Ўз ишини уддалай олмаган раҳбарга нисбатан жиддий хулоса қилинади ва лавозимидан озод этилади, — деди Президент.

Xabar.uz томонидан хабар қилинишича, секторлар ишини тизимли ташкил этмагани ва хизмат вазифасини етарли даражада бажармагани учун, қуйидаги сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилди:

Қува туманининг 4   та сектор раҳбари: ҳоким – Равшан Қурбанов, прокурор – Бахтиёр Вахобов, Ички ишлар бўлими бошлиғи – Элёр Хайдаматов, солиқ инспекцияси бошлиғи  — Носир Мақсудов.

Ўзбекистон тумани 2 та сектор раҳбари: ҳоким – Қаҳрамон Жўраев, прокурор – Мирвохид Отабоев.

Ёзёвон тумани 1-сектор раҳбари ҳоким – Йўлчибой Бойигитов.

4 036 Ko'rishlar