Тонировкадан тушган пуллар қаерга ишлатилади?

Айтганча, мавзу очилганда яна бир нарсани эслатиб ўтишимиз зарур Халқ буни билиши керак.

Кўпчилик тонировка ҳақида гап кетганда «давлат бюджети» деган жумлаларни ишлатмоқда. «Давлат бунча фойда қилмоқчи, бюджетга бунча пул туширмоқчи» деган фикрларни ўқиб, аслида тонировкадан тушган пуллар нимага сарфланиши ҳақида маълумот беришни жоиз деб билдим.

Вазирлар Маҳкамасининг 18.07.2018 йилдаги қарорининг 2-бандида тонировкадан тушган пуллар қаерга сарфланиши аниқ кўрсатилган. Демак, тушган маблағлар қуйидагиларга мақсадли йўналтирилади:

👉 Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантиришга ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига;
👉 ДЙҲХХ моддий-техника базасини ривожлантиришга;
👉 ДЙҲХХ ходимларини ижтимоий рағбатлантиришга;
👉 кейинчалик «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази» ДУКнинг тонировка қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплашга.

Шунингдек, қарор ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ Махсус жамғармасида алоҳида банк ҳисоб рақами очилган.

Кўриб турганингиздек, тонировкадан тушган пулларнинг бир тийини ҳам умумий давлат бюджетига ўтказилмайди. Демакки, тонировканинг пулларидан мактаблар қурилмайди, шаҳарлар обод бўлмайди, йўллар қурилмайди, «Обод қишлоқ» ёки «Обод маҳалла» лойиҳаларига сарфланмайди, ўқитувчи ёки шифокорларнинг маоши ёки кексаларимизнинг пенсиялари оширилмайди ва ҳ.к.

Тушган пуллар фақат ва фақат ички ишлар органларининг махсус жамғармасига тушади, шу тизимга сарфланади, ИИО ходимларининг ойлигини оширишга ишлатилади.

Балки шунинг учундир ИИВ масъуллари тонировкадан тушум камайиб кетмаслиги учун рухсатсиз тонировка ўрнатишга жаримани 25 баравар (!) кўтаришни таклиф қилишди ва буни уддалашди ҳам. Аввал 200 минг сўм бўлган жарима бирданига 5 млн сўмга айланди. 1 февралдан 6 млн сўм бўлади.

Ёки йиллар давомида қонунда рухсат бўлса ҳам орқа ён ойналарга парда ўрнатишни асоссиз тақиқлаб, минглаб ҳайдовчиларни ноқонуний жаримага тортишгани ҳам ҳали ёдимиздан чиққани йўқ.

Таклифлар:

1) Ҳеч бўлмаса, орқа ён ойнага йилнинг иссиқ мавсумида (май-сентябрь) тонировка ўрнатиш бепул бўлиши керак, қолган пайтлари, майли, пуллик бўлсин;

2) Рухсатсиз тонировка ўрнатганлик учун жаримани кескин камайтириш ва сал мантиқли кўринишга келтириш керак.

2 143 Ko'rishlar