“Пахталикўл” сув узатиш иншоотидаги носозлик 4 соат давомида бартараф этилади

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Наманган шаҳридаги юқори босимли магистрал тармоғида носозлик кузатилган “Пахталикўл” сув узатиш иншоотига бориб, мутасаддилар иштирокида ҳолатни жойида кўздан кечирди

Бугун, 11 январь куни “Пахталикўл” сув узатиш иншоотида Д-1000 миллиметрли юқори босимли магистрал тармоғида сув қувурининг ёрилиши содир бўлган ва соат 10.00 дан бошлаб иншоотнинг фаолияти вақтинчалик тўхатилганди.

Бунинг оқибатида Наманган шаҳрининг Наманган шаҳрининг Оромгоҳ даҳаси, “1-Ахсикент”, “2-Ахсикент”, “Гўзал”, “Чаманзор”, “Минчинор”, “Мустақиллик”, “Паҳлавон”, “Нуробод”, “Сиҳатгоҳ”, “Меҳнатобод”, “Ишонч”, “Истиқбол” МФЙ ҳудуди ва 1-кичик тумани айрим жойларида ичимлик суви таъминотида вақтинчалик узилишлар содир бўлган.

Ҳозирда “Наманган сув таъминоти” МЧЖ мутахассислари томонидан тезкорлик билан носозликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, “Оромгоҳ” сув иншооти орқали таъминот тўхтатилган ҳудудларга ичимлик суви етказиб бериш чораси кўрилмоқда.

Мутасаддилар “Пахталикўл” сув узатиш иншоотидаги носозлик 4 соат ичида, яъни соат 18:00 га қадар бартараф этилишини билдирмоқда.

587 Ko'rishlar