Наманганлик «уддабурон тадбиркор»нинг фаолияти фош этилди

«Тримол» дори воситасининг умумий кўриниши ва номидан фойдаланиб, «Турмол» таблеткаларини ишлаб чиқараётган наманганлик «уддабурон тадбиркор»нинг фаолияти фош этилди.

Фото: Интеллектуал мулк агентлиги

Интеллектуал мулк агентлиги «Тримол» товар белгисига ўхшаш дори воситасини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқараётган «Marrymed Pharm» МЧЖ масаласини ўрганиб чиққан. Бунга Ҳиндистоннинг «AJANTA PHARMA LIMITED» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эътирози сабаб бўлган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Агентлик мурожаатга асосан ҳолат бўйича ишни ўрганиб, Маъмурий судга баённома киритди. Натижада, «Marrymed Pharm» МЧЖга БҲМнинг 3 баравари миқдорида, яъни 669 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

«Аслида, қароқчи тадбиркорлик фаолиятининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш учун БҲМ 3 баравари миқдорида жарима жазоси – ечим эмас. Бу борада аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда ўзганинг товар белгисидан ноқонуний фойдаланган тадбиркорларга нисбатан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқдир», – дейилади агентлик хабарида.

Ўтган йили Интеллектуал мулк агентлигининг кузатувлари натижасида республикадаги 616 та дорихонада бозори чаққон, аҳолига яхши таниш бўлган дори воситаларининг номланиши ва қадоғи истеъмолчиларни чалғитиш даражасида жуда ўхшаш бўлган «Турмол», «Терлафлю», «Мер терафлюс», «Китонал гел», «Китонал ампула», «Ношпен» ҳамда «Азимакс» каби контрафакт дорилар сотилаётгани аниқланган.

Маълумот учун, агентлик тўғридан тўғри тадбиркорлар фаолиятига аралашиб, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқаришига тақиқ қўя олмайди. Шу сабабли фуқаролардан ўз соғликларига бефарқ бўлмасликни, фармацевтлар эса ўз маҳсулотларининг контрафакт нусхасига дуч келганда ноҳалол тадбиркорга нисбатан қонуний чора кўриш кераклиги ҳақида Интеллектуал мулк агентлигининг (71) 232-50-54 ишонч телефонлари ёки телеграмдаги @ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилишлари мумкин.

4 450 Ko'rishlar