Энди чет элда ишловчи мигрантларга ҳам солиқ солинадими? Қўмитадан изоҳ

Ижтимоий тармоқ ва айрим ОАВларда чет элда ишловчи муҳожирлар ҳам солиққа тортилиши мумкинлиги бўйича хабарлар тарқалди. Давлат солиқ қўмитаси шу масала юзасидан тушунтириш берди. 

«Президентимизнинг ПҚ-4829-сонли қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилгани сабабли, интернет тармоқларида меҳнат муҳожирлари учун солиқ жорий этилаётганлиги тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалмоқда.

Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун энг камида БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланган, ҳозирги вақтда 111 500 сўмни ташкил этади» — дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.

3 432 Ko'rishlar