Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг журналист ва блогерларга мурожаати

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ кўплаб тасвирлар ва мақолалар жойлаштирилмоқда. Ижобий видеолавҳалар билан бирга, афсуски ходимларимиз томонидан йўл қўйилган салбий ҳолатлар, хато ва камчиликлар тасвирланган контент ҳам мавжуд. Мазкур очиқлик ўз ўрнида ходимларнинг жамоатчилик назоратида эканлигини уқтириш билан бирга, хизматимиздаги камчиликларини аниқлаб, бартараф этишга ҳамда тизимни номуносиб ходимлардан тозалашга ёрдам бермоқда.

Лекин шу билан бирга айрим ҳолатларда ходимларнинг ҳаракатлари ортидан пиар қилиш, ҳақиқатдан йироқ бўлган баёнотлар орқали уларни обрўсизлантиришга уриниш, ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган шахсий адоватни ижтимоий тармоқлар майдонига чиқариш каби носоғлом тенденция ҳам кузатилмоқда. Бунинг энг ёмон томони, ўз бурчини садоқат билан бажараётган ходимларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатишидир.

Жорий йилнинг ўзида, ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган 1470 дан ошиқ маълумотлар тарқатилганлиги аниқланган. Ушбу хабарларнинг деярли 60 фоизи чет элда рўйхатдан ўтган аккаунтлар орқали чиқарилгани маълум бўлган. Бу борада, юздан ошиқ фуқароларимиз билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, маълумот тарқатиш маданиятига риоя қилиш борасида суҳбатлар ўтказилган.    

Маълум қиламизки, ҳозирги вақтда Ички ишлар вазирлиги ҳеч қачон бўлмаганидек очиқликни, шаффофликни ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни намойиш этиб келмоқда. Ички ишлар органларининг бирорта соҳаси йўқки журналистлар ёки ижтимоий тармоқ юритувчиларининг ҳамкорлигини рад этган бўлса. Соҳа ахборот хизматлари ўз фаолиятини нафақат вазирликнинг марказий аппарати, балки жойлардаги барча органларда олиб бормоқдалар.

Ички ишлар органларида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масаласи ҳам аниқ тизимийлик асосида йўлга қўйилган, айниқса ходимларнинг хатти-ҳаракатлари устидан тушган шикоятларнинг биронтаси ҳам эътиборсиз қолдирилмайди. Албатта, камчилик ҳар бир соҳада мавжуд, уларни бартараф этиш эса тизим раҳбариятининг бирламчи вазифасидир, шунинг учун Ички ишлар вазирлиги соғлом танқид ва конструктив мулоқотга доим тайёр.

Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати барча журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ юритувчиларини соғлом ва конструктив ҳамкорликка чақиради, соҳадаги ўзгаришлар, ижобий ишлар билан шахсан танишишларига имконият яратиб беради. Жавобан эса, ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳар қандай ахборот ёки танқидий баёнот субъективизмдан йироқ бўлишини ҳамда холисликни акс эттиришини сўрайди.

Фурсатдан фойдаланиб, вазирликнинг ахборот хизмати билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган барча журналистларга, блогерларга ва алоҳида фуқароларга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов

2 502 Ko'rishlar