Ўзбекистонда 2 мингдан зиёд номсиз кўчалар, 1 миллиондан ортиқ рақамсиз уйлар бор

Ўзбекистонда ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ёки ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш муаммосига ҳамон давом этяпти. Бу масалага Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишда ҳам тўхталиб ўтилди.

Қайд этилишича, биргина жорий йилда 50 мингга яқин ҳолатда 11 минг 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 200 гектарда ноқонуний уй-жой қурилган. Буларнинг 99 фоизи суғориладиган, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари.

Йиғилишда аграр ерларни назорат ва экинларни мониторинг қилиш мақсадида ҳар бир туман дрон билан таъминланиши айтилди. Бундан ташқари, космосдаги сунъий йўлдошлар орқали кузатувдан фойдаланиб, ноқонуний қурилмаларни тезкор аниқлаш ва қурилишни илк босқичидаёқ бартараф этиш имконини берадиган ахборот тизими йўлга қўйилади. Бу дастлаб айрим вилоятларда синовдан ўтказилади.

Барча вилоят, туман ва шаҳарларнинг маъмурий чегараларини аниқлаш ишларини шу йил якунига етказиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаш вазифаси қўйилди. 2 мингдан зиёд номсиз кўчалар, 1 миллиондан ортиқ рақамсиз уйлар борлиги қайд этилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

232 Ko'rishlar